ЛИЦЕНЗИЯ ШАРТНОМАСИ – шартнома тури бўлиб, унга кўра бир томон (лицензиар) интелектуал фаолият натижаларидан ёки индивидуаллаштириш воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқини (лицензияни) беради, бошқа томон (лицензиат) эса бунинг учун тегишли ҳақ (мукофот) тўлайди. Л.ш. объектларига қуйидагилар киради: а) интелектуал фаолият натижалари – фан, адабиёт ва санъат асарлари; ижролар, фонограммалар ва тегишли ташкилотларнинг эшиттиришлари; ЭҲМ дастурлари ва маълумотлар базалари; иҳтиролар фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари; ошкор этилмаган ахборот, жумладан ишлаб–чиқариш сирлари (ноу–хау); б) фуқаролар муомаласи иштирокчилари, товарлар, ишлар ва хизматларни индивидуаллаштириш воситалари – фирма номлари; товар белгилари (хизмат белгилари); товарлар ишлаб чиқарилган жойларнинг номлари; в) ЎзР қонун хужжатларида назарда тутилган ҳоллардаги интелектуал фаолиятнинг бошқа натижалари ва фуқаролар муомаласи иштирокчилари, товарлар, ишлар ва хизматларни индивидуаллаштириш воситалари. Л.ш. лицензиатга қуйидаги ҳуқуқларни беришни назарда тутиши мумкин: а) лицензиарнинг интелектуал мулк объектидан фойдаланиш ва бошқа шахсларга лицензия бериш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда ундан фойдаланиш ҳуқуқи (оддий, алоҳида бўлмаган лицензия); б) лицензиарнинг интелектуал мулк объектидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда, аммо бошқа шахсларга лицензия бериш ҳуқуқисиз ундан фойдаланиш ҳуқуқи (алоҳида лицензия). Агар Л.ш. да бошқача тартиб белгиламаган бўлса, лицензия оддий (алоҳида бўлмаган) лицензия деб ҳисобланади.