ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ – берилган, тўхтатиб турилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган лицензиялар, шунингдек амал қилиши тугатилган лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган лицензияловчи органларнинг маълумотлар базалари мажмуи. Лицензияловчи органлар ўзлари лицензиялашни амалга ошираётган фаолиятнинг ҳар бир тури учун алоҳида лицензиялар реестрларини юритадилар. Лицензиялар реестрининг ҳар бирида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим: лицензиатлар тўғрисидаги асосий маълумотлар; лицензиялар берилган сана ва лицензияларнинг тартиб рақамлари; лицензияларнинг амал қилиш муддатлари; лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш асослари ҳамда саналари; лицензияларнинг амал қилишини тугатиш асослари ва саналари; лицензияларнн бекор қилиш асослари ва саналари; фаолиятнинг айрим турларинн лицензиялаш тўғрисидаги низомларда белгиланган бошқа маълумотлар. Лицензиялар реестрларида мавжуд бўлган ахборот юридик ва жисмоний шахслар танишиши учун очиқ бўлиб, улар ҳақ эвазига лицензияловчи органлардан лицензиялар реестрларидан муайян лицензиатлар тўғрисида кўчирмалар тариқасида ахборот олишга ҳақлидирлар. Мазкур ахборотни тақдим этганлик учун ҳақ олиш тартиби ва унинг миқдори фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги низомларда белгиланади. Лицензияловчи органлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига лицензияларнинг реестрларидан ахборотни бепул беришлари шарт.