ЛОББИЗМ (инглизча lobbi – даҳлиз, айвон) – ёки бошқача айтадиган бўлсак, “манфаатлар муштараклиги” ёхуд “тазйиқ ўтказувчилар гуруҳи” инсоният тарихининг барча даврларида, яъни ҳокимият тизими шакллана бошлаган замонлардан бери мавжуд. “Манфаатлари муштараклар” фаолиятини қадим юнон тарихида ҳам, хусусан, Афина суд идораларининг суд ишларини юргизиш тажрибаларида, қадимги юнон шаҳарларидаги фуқаролар ишларига доир манбаларда ҳам кузатиш мумкин. XVI асрда лоббизм сўзи ибодатхона ҳовлисидаги айланиб сайр этадиган майдончани англатган. Юз йиллардан кейин Англия жамоалар палатасида дам олиб, айланиб юриладиган жойни шундай деб аташган. Лоббизм анъаналарининг шаклланган кўринишлари 1861–1865 йилларда АҚШда рўй берган фуқаролар урушида шуҳрат қозонган генерал У.С.Грантнинг (1869–1877 й.) президентлик даврига тўғри келади. Американинг ўн саккизинчи президенти ва унинг тарафдорлари кундузги ишлардан сўнг ҳордиқ чиқариш учун меҳмонхоналардан бирида, аниқроғи, унинг даҳлизида дам олишни одат қилишган ва бу жой “лобби” деб аталган. Шу жойда вазирдар, шунингдек, сенаторлар турли тоифадаги одамлар билан учрашишган, уларнинг сўровларини тинглашган ва илтимосларини амалга оширишга сўз беришган. Европада “лоббизм” сўзи ХХ асрга келиб, аввал Англияда, кейинча бошқа давлатларда тўлиқ истеъмолга кириб кетди. Амалиётнинг кўрсатишича, л. ҳар қандай жамиятда мавжуд. Бироқ унинг юксак даражада шаклланиши, маданий савияси, изчиллиги давлатнинг сиёсий тизимига, сиёсий тартибниг хусусиятига, сиёсий маданиятига боғлиқ бўлади. Ҳозирги пайтда “лоббизм” кенг маънода – хокимият вакилларига қаратилган ва улар қабул қилаётган қарорларига таъсир ўтказишга йўналтирилган (индивидуумлар ёки гуруҳлар) ўртасида алоқалар ўрнатилиши ва ҳабарлар етказилишини англатади. Л. ҳуқуқий маънода жисмоний (фуқаро) ва юридик (ташкилотлар) шахс, ҳамда бошқа ҳуқуқий муносабатлар субъектларининг ўз манфаатларини ёки манфаатдор шахслар манфаатларини фаол кўллаб–қувватлаб, давлат ҳоқимияти билан муносабатлар ўрнатиш орқали қарорлар қабул қилиниши жараёнига, қонун доирасида таъсир ўтказиш билан боғлиқ фаолиятдир. Л. фаолияти билан шуғулланувчиларни “лоббистлар” ёки “лоббичилар” дейилади. Лоббистлар олдиндан тайёрланган қонун лойиҳаларини тақдим этишлари, консультатив ёрдам кўрсатишлари, қонунчилик органлари ҳузурида ўз идораларига эга бўлишлари мумкин. Моҳият эътибори билан, л. фуқароларнинг ўз мамлакатини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини амалга ошириш шаклларидан биридир. Ҳозирги пайтда л. барча демократик мамлакатларда мавжуд. Л. амалда баъзан коррупция билан боғлиқ бўлганлиги учун айрим мамлакатларда лоббистлар фаолияти усулларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Жумладан, л. билан боғлиқ бўлган фаолиятни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган жаҳондаги биринчи норматив хужжат АҚШнинг «Л.ни тартибга солиш тўғрисида»ги федерал қонун 1946 йилда қабул қилинган бўлиб, унда профессионал лоббистларни рўйҳатдан мажбурийлиги ва рўйҳатдан ўтказиш талаблари белгиланган.