Yangi hujjatlar

М.Ҳамидова. Давлат тилида иш юритиш унинг ҳуқуқий-меъёрий асослари

Ушбу мақола “Тилга эътибор – элга эътибор” лойиҳаси доирасида чоп этилган. Лойиҳа ҳақида батафсил қуйидаги манзилда ўқинг.

 
Иш юритишнинг асосини ҳужжатлар ташкил этади. Бирон-бир ташкилот, муассаса ёки корхона фаолиятини ҳужжатларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Мазмунан ва шаклан турли-туман бўлган ҳужжатлар жамиятнинг узлуксиз фаолиятини тартибга солиб келган. Бугунги кунда ҳам давлат ва нодавлат ташкилотларида давлат тилида иш юритиш сифатини ошириш мамлакатимиз тараққиёти учун зарур бўлган асосий омиллардан ҳисобланади.

1989 йилнинг 21 октябрида «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг мустақиллик сари қўйган дадил қадамларидан бири бўлди. Бу билан давлат ва жамият бошқарувининг барча соҳаларида ўзбек тилида иш юритиш ҳамда ўзбек ҳужжатчилигини такомиллаштиришга катта имконият яратилди. Қонун миллий онгнинг ривожланишида, мамлакат мустақиллигининг мустаҳкамланишида, маданий мероснинг тикланишида муҳим аҳамият касб этди ва унинг қоидалари Ўзбекистон Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилди.

Асосий қонунимизнинг 4-моддасига биноан Ўзбекистоннинг давлат тили ўзбек тилидир. Республикамиз собиқ иттифоқ таркибида бўлган бир шароитда қабул қилинган «Давлат тили тўғрисида»ги қонунга мустақилликка эришилгандан сўнг ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш зарурати юзага келди. Натижада 1995 йил 22 декабрда ушбу қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

1997 йили қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида ҳар томонлама камол топган кадрларни, касб-ҳунарларни онгли равишда танлаш ва пухта ўзлаштириш учун тегишли шароитларни яратиш, жамият, давлат ва оила олдида ўз жавобгарлигини ҳис этадиган фуқароларни тарбиялаш назарда тутилган.

Ушбу дастурда ҳокимият органлари, давлат ва нодавлат ташкилотларида идоравий иш юритиш борасидаги мутахассисларни тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда иш юритиш, кадрлар бўлими, архив иши, ҳужжатшунослик каби соҳаларни малакали кадрлар билан таъминловчи янги ўқув даргоҳлари очилди, жумладан, олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва ўқув марказларида иш юритувчи мутахассисларни тайёрловчи йўналиш ҳамда бўлимлар ташкил этилди.

Давлат ва нодавлат ташкилотларида идоравий иш юритиш тизимини ахборотлаштириш борасида ўзига хос аҳамиятга эга бўлган яна бир ҳужжат «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонундир.

Ушбу қонуннинг мақсади ахборотлаштириш, ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Бугунги кунда иш юритувчи мутахассислар замонавий иш юритиш усулларини ҳам пухта ўзлаштирган бўлишлари шарт. Бу борада кенг қўлланаётган самарали усуллардан бири электрон ҳужжатлар билан ишлашдир. Ушбу жараённинг ҳуқуқий асоси сифатида «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонуннинг мақсади электрон ҳужжат айланиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Электрон ҳужжат айланишидан битимлар тузиш, ҳисоб-китобларни, расмий ва норасмий ёзишмаларни амалга ошириш ҳамда бошқа ахборотни узатишда фойдаланиш мумкин.

Ўзбек тилида иш юритиш, ушбу соҳада мутахассислар тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш борасидаги қонунларни ижро этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан бир қатор ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, ҳукуматнинг 1999 йил 29 мартдаги 140-сонли «Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори шулар жумласидандир. Унинг 1-иловасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари аппаратларида иш юритиш ва ҳужжатлар ижросини назорат қилишни ташкил этиш бўйича йўриқнома, 2-иловага мувофиқ вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар, компаниялар ва бошқа марказий муассасалар аппаратларида иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича намунавий йўриқнома тасдиқланган.

2008 йилда эса мамлакатимизда давлат ташкилотлари, муассаса ва корхоналарида ўзбек тилида иш юритиш ҳамда ўзбек ҳужжатчилиги асосларини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан O`z DSt 1157:2008 – «Ўзбекистон давлат стандарти» ишлаб чиқилди. Бунда ҳужжатларни унификациялаштириш тизими, ташкилий-фармойиш ҳужжатлар тизими, ҳужжатларни расмийлаштиришга бўлган талаблар умумлаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида мамлакатимизда архив иши ва иш юритиш соҳасини такомиллаштириш, хусусан, ушбу соҳаларга тегишли қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар ҳамда бу борадаги янги тартиб-қоидалар ўз аксини топган.

Юқорида келтириб ўтилган меъёрий ҳужжатлар асосида Ўзбекистон ҳудудида давлат бошқаруви ва жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий-маърифий соҳаларида ўзбек тилида иш юритиш йўлга қўйилди. Давлат ва нодавлат ташкилотларида қўлланадиган барча ҳужжатларнинг ўзбек тилидаги намунавий нусхалари ишлаб чиқилди.

Шунингдек, ўзбек тилида иш юритиш соҳасида бир нечта қўлланма яратилди. Уларда умумий қоидалардан ташқари, бошқарув фаолиятини ҳужжатлаштириш, хат-хабарларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, жўнатиш, ҳужжатлар ижросини назорат қилиш ва бошқа тартиблари келтириб ўтилган.

Муҳаббат ҲАМИДОВА,
ЎзМУ доценти

Huquq va burch
2013 йил 4-сон
www.huquqburch.uz

Ушбу мақола матни “Yurida” қонунчилик базаси дастуридан олинган.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (17)
  • Йўқ (6)
  • Бироз (4)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига