Ҳукумат қарори билан Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтига янги ректор тайинланди. Бу ҳақида, 12uz.com сайти хабар бермоқда.
Нашринг берган хабарига кўра, янги ректор сифатида Жасур Салихов тайинланган. У бунга қадар Тошкент Халқаро Вестминстер Университети проректори лавозимида ишлаб келган.
Шунингдек, хабарда таъкидланишича, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ректори лавозими 2013 йил март ойидан буён вакант бўлган. Ўшанда институтнинг аввалги ректори Фарход Ризаев Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган эди.
Таъкидлаш жоизки, Институтнинг расмий сайти – http://www.mdis.uz да ректор ҳақидаги махсус саҳифа мавжуд бўлиб, унда ҳозиргача ректор сифатида Фарход Ризаев кўрсатилган.
Эслатиб ўтаман, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг 2007 йил 5 сентябрдаги “Тошкент шаҳрида Сингапур менежментни ривожлантириш институти фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида”ги ПҚ-691-сонли қарори асосида ташкил этилган.
Ушбу қарорга асосан, мазкур Институт Сингапур менежментни ривожлантириш институти (Сингапур Республикаси) ва Ўзбекистон Банклар уюшмаси томонидан таъсис этиладиган олий ўқув юрти ҳисобланади.
Олий таълим сифатига нисбатан қўйиладиган умумэътироф этган халқаро талабларга, Ўзбекистон Республикасининг Кадрлар тайёрлаш миллий дастури мақсад ва вазифаларига мувофиқ, «Банк иши», «Бизнесни бошқариш», «Туризм» ва «Бизнесда замонавий ахборот технологиялари» йўналишлари бўйича бакалавриат (кейинчалик магистратура) тизими асосида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг асосий вазифаси деб ҳисобланади.
Президент қарорида таъкидланишича, Институт битирувчиларига, тегишли таълим йўналишлари бўйича Сингапур менежментни ривожлантириш институти (Сингапур Республикаси) нинг шерикларидан бўлган қуйидаги 6 та етакчи халқаро олий таълим муассасаларидан бирининг дипломи берилади ва бу диплом Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этилади:
Сингапур Миллий Университети (Сингапур) – “Бизнесни бошқариш” йўналиши;
Эдит Кован Университети (Австралия) – “Бизнесни бошқариш” ва “Бизнесда замонавий ахборот технологиялари” йўналишлари;
Гренобль Олий бизнес мактаби (Франция) – “Бизнесни бошқариш” йўналиши;
Брэдфорд Университети (Буюк Британия) – “Банк иши”, “Бизнесни бошқариш”, “Туризм” ва “Бизнесда замонавий ахборот технологиялари” йўналишлари
Уэльс Университети (Буюк Британия) – “Бизнесни бошқариш” ва “Банк иши” йўналишлари;
Сандерленд Университети (Буюк Британия) – “Туризм” йўналиши.