Россиялик мобил алоқа операторларининг абонентлари 2013 йил 1 декабрдан бошлаб ажойиб қулайликка эга бўладилар. Уларга эндиликда алоқа операторини алмаштираётган вақтда, ўз телефон рақамларини сақлаб қолиш имконияти яратилади. Яъни абонентнинг телефон рақами (кодлари билан) ўша-ўша қолади, фақат алоқа оператори ўзгаради холос. Бу ҳақида “Гарант” ҳуқуқий портали хабар бермоқда.
Порталнинг маълумотларига кўра, бу борада махсус қонун қабул қилинган. “Алоқа тўғрисида”ги Федераль Қонунга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун давлат раҳбари Владимир Путин томонидан 2012 йил 25 декабрда имзоланган эди. Деярли 1 йил давомида мазкур қонун ижросини техник томондан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилди ҳамда қонуннинг 2013 йил 1 декабридан кучга кириши учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Бу борада 2013 йил 15 июлда қабул қилинган Ҳукумат Қарори катта аҳамият касб этади. Мазкур қарорда алоқа операторини алмаштираётган абонент ўз телефон рақамини кўчириб ўтиш тартиби, муддатлари батафсил кўрсатиб ўтилган.
Юқоридаги қарорга биноан, “оператор-донор”, “оператор-реципиент”, “кўчирилаётган абонент рақами” каби атамаларга таърифлар берилган, кўчириб ўтказиш жараёни батафсил тушунтирилган, шунингдек, абонент қарздор бўлган вақтда донор оператор олдидаги қарзини қандай тартибда узиш зарурлиги белгиланган.
Алоқа операторини алмаштираётганда телефон рақамини сақлаб қолиш учун абонент “оператор-реципиент”га махсус ариза билан мурожаат этади. Абонент ҳаттоки мазкур аризада ўтаётган янги алоқа оператори қайси санадан бошлаб унга хизмат кўрсатиши лозимлигини ҳам кўрсатиши мумкин. Фақат абонент талаб қилаётган хизмат кўрсатишни бошлаш муддати жисмоний шахслар учун ариза топширилган кундан 8 кундан вақтли, юридик шахслар учун эса 29 кундан вақтли бўлиши керак эмас. Шунингдек, аризада хизмат кўрсатишни бошлаш учун ариза топширилган кундан 6 ойдан кейинги муддатни ҳам кўрсатиш мумкин эмас.
Агарда аризада хизмат кўрсатишни бошлаш муддати кўрсатилмаган бўлса, унда оператор-реципиент ариза билан танишган кундан бошлаб ҳисоблаганда жисмоний шахслар учун 8-куннинг соат 1:00 идан 6:00 гача бўлган вақт оралиғида ишга тушириши лозим. Юридик шахслар учун 29-куннинг худди ўша вақти белгиланган.
Алоқа операторини ўзгартираётганда телефон рақамини сақлаб қолиш хизмати Россия Федерацияси ҳудудидаги абонентлар учун амал қилади. Телефон рақамни сақлаб қолиш хизматининг қиймати 100 рублдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Шунингдек, яқинда абонент учун ўз вақтида эски телефон рақамидан фойдаланишни таъминлаб бермаган алоқа операторларига нисбатан жавобгарликни белгилаш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълум қилинди. Бу ҳақида Госдума Раиси ўринбосари Сергей Железняк хабар берган.
“Биз яна бир маротаба такрорлаймизки, фуқароларимиз алоқа операторларини алмаштираётган вақтда эски телефон рақамларини сақлаб қолиш жараёнида ҳеч қандай ноқулайликларга дуч келмаслиги керак. Биз мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқаётганда ушбу соҳадаги барча мутахассисларни, экспертларни, алоқа операторлари вакилларини, тегишли давлат органларини жалб қилган эдик. Аммо Қонун кучга кириш вақтига яқинлаша боргани сари баъзи алоқа операторлари ҳали бу нарсага тайёр эмаслигига шаъма қилишмоқда” – дея таъкидлади Сергей Железняк.
“Шу сабабли ҳам биз алоқа операторини алмаштирган абонентларга ўз вақтида олдинги телефон рақамини сақлаб қолишни таъминлаб бермаган операторларга жавобгарликни белгилаш ҳақида қонун лойиҳасини ишлаб чиқдик. Биз атайин алоқа операторлари учун молиявий зарар келтирадиган моддий жавобгарликни белгиладикки, бунинг натижасида алоқа операторлари абонентларга операторини алмаштирганда олдинги телефон рақамларини ишлатиш учун ўз вақтида шароит яратиб беришга мажбур бўлишади”, – дейди Госдума Раиси ўринбосари.
Шунингдек, сентябрь ойи охирларида илк марта синов тариқасида телефон рақами бир алоқа операторидан иккинчисига кўчириб кўрилгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу хабарда икки алоқа оператори мутахассислари ҳамда Россия Алоқа вазирлиги ходимлари ҳамкорликда алоқа тизими телефон рақамини кўчиришга қанчалик тайёрлигини синаб кўришгани ҳақида айтилганди.
Айтиш жоизки, синов муваффақиятли ўтган. Бир алоқа операторидан иккинчисига кўчирилган телефон рақами орқали ҳеч бир муаммосиз чиқиш қўнғироқларни амалга ошириб бўлган, шунингдек, кириш қўнғироқларини қабул қилган. SMS хабарларини юбориш ва қабул қилишда ҳам муаммо кузатилмаган. Синов натижасида мобил алоқа инфраструктураси абонентлар алоқа операторини алмаштирганда телефон рақамларини кўчириб ўтиш хизматига (MNP, mobile number portability) тайёр эканлиги аниқланган.
БИЗДА ҚАНАҚА?
Хўш, биз а бун ай и коният бо ми? А оқа о ера орлари из шунд й х зматни
к рса а ол шад ми?
Узр, алоқа сифати яхши эмаслиги учун юқоридаги гапда баъзи ҳарфлар тушиб қолибди. Худди телефонда гапларимиз узулиб-узулиб эшитилгандек. Хуллас, бизда бунақа нарса йўқлигини тушунгандирсиз…