2014 йил 1 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорга имзо чекди. Қарорнинг расмий матни ЎзА сайтида эълон қилинди.
Жорий йилда мустақиллик байрамлари “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган шиор остида ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Республика комиссияси шакллантирилди ҳамда комиссия олдига бир ҳафта муддатда ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Президент Қарорида мазкур дастурни тузишда тарихан қисқа даврда биз қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимизни баҳолашда “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатни асосий ва бош ғоя сифатида белгилашга эътибор қаратилиши таъкидланди.
Шунингдек, мамлакатимизнинг ўтган аср охирида кескин ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган, аҳолининг ҳаёт даражаси бўйича собиқ СССРда энг охирги ўринлардан бирини эгаллаган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, қолоқ аграр республикадан бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлатга айланганини очиб бериш. Бунинг тасдиғини мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти 4,1 баробар, аҳолининг ялпи реал даромадлари жон бошига 8,2 карра ошгани, кейинги 9 йил давомида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётгани ва бошқа шу каби рақам ва кўрсаткичлар мисолида қиёсий таҳлиллар орқали кўрсатиш лозимлиги уқтирилди.
Мухтасар айтганда, биз мустақиллик йилларида қандай оғир ва машаққатли синовлардан ўтиб, мисли кўрилмаган ютуқларга эришган бўлсак, уларнинг барчаси замирида фақатгина халқимизнинг фидойи меҳнати, чидамлилиги, олижаноблиги ва бағрикенглиги, матонати ва жасорати, эртанги кунга мустаҳкам ишончи мужассам эканини теран акс эттириш зарур, – дейилади Президент Қарорида.
Қарорга кўра, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Ёзувчилар ва Бастакорлар уюшмалари билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этишга қаратилган энг яхши қўшиқлар, мусиқа асарлари учун “Ягонасан, муқаддас Ватан!” анъанавий республика танловининг якуний босқичини ўтказади ва танлов ғолиблари ва совриндорлари Мустақиллик байрами арафасида эълон қилинади.
Шунингдек, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Бадиий академия, “Тасвирий ойина” уюшмаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда август ойининг охирида “Энг улуғ, энг азиз”, “Ватан учун яшайлик”, “Сени куйлаймиз, замондош”, “Ранглар жилосида – она диёр” каби кўрик-танловларни юқори даражада ўтказишни таъминлаш лозимлиги белгиланди.
Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юкланди.