Yangi hujjatlar

Наврўз умумхалқ байрамини нишонлаш ҳақида Президент қарори имзоланди

2014 йил 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “2014 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорга имзо чекди. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.

“Халқимиз учун шарқона янги йилнинг бошланиши, энг қадимий, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўз айёмини марказда ва жойларда ҳар томонлама пухта тайёргарлик билан кутиб олиш ва нишонлаш мамлакатимизда эзгу анъанага айланиб қолди”, – дея таъкидланади қарорда.

Қарор асосида Наврўз байрамини юксак савияда, муносиб тарзда нишонлаш мақсадида байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита, ижодий гуруҳ таркиблари тасдиқланди.

Ушбу йилдаги Наврўз умумхалқ байрам тадбирлари “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” шиори остида ўтиши белгиланди.

Тадбирлар режасини тайёрлашда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилиши белгиланди:

  • Наврўз фаслида инсоннинг табиат билан ҳамоҳанг бўлиб, ўзини табиатнинг ажралмас бир қисми деб ҳис этишини ифода қиладиган, атроф-муҳитни, она заминни эъзозлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;
  • жойларда бўлиб ўтадиган учрашув ва суҳбатларда, оммавий ахборот воситаларида Наврўз байрамининг тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат, анъана ва қадриятларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш;
  • мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча юртдошларимиз учун севимли байрамга айланган Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, меҳру саховат, кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш;
  • янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, яшариш ва янгиланиш, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз фаслида маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларимизда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган байрам дастурларига фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, оилавий ансамбллар, бахши-шоирлар, шунингдек, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларини танлов асосида жалб этиш;
  • байрам дастурларини тайёрлашда халқ ўйинлари, фольклор санъати намуналарига, эл-юртимизнинг дилидан чуқур жой олган, гўзал инсоний туйғуларни юксак пардаларда тараннум этадиган куй ва қўшиқлар, ўлан ва лапарларга кенг ўрин бериш.

Шунингдек, ўтказиладиган байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва маҳаллий бюджетлар ҳамда жойлардаги ишлаб чиқариш корхоналари, хўжаликлар, жамғармалар ҳисобидан, Тошкент шаҳрида эса республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланиши белгилаб қўйилди.

Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклатилди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига