Yangi hujjatlar

Наврўз умумхалқ байрамини нишонлаш ҳақида Президент қарори имзоланди

2015 йил 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорга имзо чекди. Қарорнинг расмий матни ЎзАда эълон қилинди.

“Халқимиз учун табиат уйғониши, шарқона янги йилнинг бошланиши, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўз айёмини юртимизнинг барча ҳудуд ва минтақаларида ҳар томонлама чуқур тайёргарлик билан кутиб олиш ва нишонлаш эзгу, бир сўз билан айтганда, табиий анъанага айланиб қолди.”, – дея таъкидланади қарорда.
Қарор асосида Наврўз байрамини юксак савияда, муносиб тарзда нишонлаш мақсадида байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.

Тадбирлар режасини тайёрлашда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилиши белгиланди:

  • айни Наврўз фаслида инсон ўзини табиатнинг ажралмас, узвий бир қисми сифатида ҳис этишини ифода қиладиган, атроф-муҳитни, она заминни эъзозлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;
  • жойларда бўлиб ўтадиган тадбирларда, оммавий ахборот воситаларида Наврўз байрамининг тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат, анъана ва қадриятларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш;
  • мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча юртдошларимиз учун севимли байрамга айланган Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган аҳиллик ва тотувлик, меҳру саховат, ёши улуғ инсонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш;
  • янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, яшариш ва янгиланиш, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз фаслида маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларимизда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш;
  • Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган байрам дастурларига фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, оилавий ансамбллар, бахши-шоирлар, шунингдек, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларини танлов асосида жалб этиш;
  • байрам дастурларини тайёрлашда фольклор санъатининг энг яхши намуналари, халқ ўйинларига, эл-юртимизнинг дилидан чуқур жой олган тарихий урф-одатларга, гўзал инсоний туйғуларни тараннум этадиган мумтоз куй ва қўшиқлар, ўлан ва лапарларга кенг ўрин бериш.

Шунингдек, ўтказиладиган байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда хайрия маблағлари ҳисобидан; республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланиши белгилаб қўйилди.

Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклатилди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (33)
  • Йўқ (3)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига