ҚОНУН – давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи томонидан ёки бевосита халқнинг хоҳиш – иродасига кўра (Мас., референдум ўтказиш йўли билан) қабул қилинган ва, қоида тариқасида, энг мухим ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи юридик ҳужжат. Қ. давлат ҳуқуқ тизимининг негизини ташкил этади, давлатнинг бошқа органлари норматив ҳужжатларига нисбатан олий юридик кучга эга бўлади. Қ. ўзи қабул қилиш тартибига, махсус қонун ижодкорлиги таомилига эга. Ушбу таомил бир неча босқичдан, чунончи: қонунчилик ташаббуси, қ. лойиҳасининг мухокамаси, қ.ни қабул қилиш ва уни эълон қилиш босқичларидан иборат. Шаклланиш усули, давлатнинг ҳуқуқий тизимидаги ўрни ва ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ролига кўра ягона бўлган қонунлар маълум турларга бўлинади. Хусусан, қонунда ифодаланган нормалар аҳамиятига кўра, Конст.вий, органиқ ва оддий қонунлар фарқланади (қаранг: Конст.вий қонун, Органиқ қонун). Оддий қ.лар кодификацион ва жорий қ.ларга бўлинади. Федератив давлатларда федерал қ.лар ва федерация субъектларининг қ.лари ҳам фарқланади. Фавқулодда қ.лар алоҳида тоифани ташкил этади.