ҚОНУН – инсон, жамият ва давлат манфаатлари нуқтаи назариядан энг муҳим деб ҳисобланадиган ижтимоий муносабатларни мустаҳкамлаш, ривожлантириш ва тартибга солиш воситасидир. Қонунда халқнинг давлат ҳокимиятига доир олий иродаси акс эттирилганлиги, унинг ижтимоий қадр–қимматини оширади. Қонун давлат олий вакиллик органларининг энг юқори кучга эга бўлган актидир. Норматив–ҳуқуқий актлар тизимида қонунлар асосий ўринни эгаллайди. Қонун ҳуқуқнинг энг муҳим ва баобрў шакли бўлиб, унда ҳуқуқнинг ҳамма сифатлари мужассамлашади. ”Қонун» ибораси серқирра ва маънодордир. “Қонун” категорияси ижтимоий ва табиий фанлар томонидан кенг қўлланилади. Хусусан турли илмий адабиётларда ”фалсафа қонунлари»,”табиат қонунлари”, ”иқтисодий қонунлар», ”ижтимоий тараққиёт қонунлари” каби тушунчалар тез–тез учраб туради. Шунингдек «юридик қонунлар” ибораси ҳам ишлатилади. Бу қонунлар турли фанларга тааллуқли бўлишига қарамасдан, уларни бирлаштирувчи умумийлик мавжуд. Шунга кўра “қонун”нинг умумий универсал таърифини бериш мумкин. Қонун–табиат ва жамиятдаги воқеа, ҳодиса ҳамда жараёнлар ўртасидаги муносабатдир, шунингдек уларнинг энг муҳим, зарурий, барқарор ва такрорланиб турувчи алоқаси, боғланиши ва ўзаро таъсиридир. Ўзбекистон Республикаси қонунлари қуйидаги гуруҳларга бўлинади: 1. Асосий қонун – Конст.; 2. Конст.вий қонун; 3. Қонун; 4. Қорақалпоғистон Республикасининг Конст.си ва қонунлари. Қонунлар ва бошқа норматив хужжатлар орасида Ўзбекистон Республикасининг Конст.си асосий ўринни эгаллайди. Ушбу ҳужжат давлат ҳокимиятининг ташкил этилишини ва бошқарув механизмини белгилайди, Конст.вий тузум асосларини, жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий асослари, сиёсий тизимини, инсонлар ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлайди. Конст. жамият ҳуқуқий тизимининг, бутун қонунчиликнинг ўзагини, юридик заминини ташкил этади. Жорий қонунларнинг барчаси Конст. қоидалари ва принциплари асосида ҳамда уларнинг ижроси манфаати йўлида чиқарилади. Конст.вий қонунлар Конст.га ўзгартириш ва қўшимчалар киритувчи қонунлардир. Ушбу ҳужжат учун Олий Мажлисда оддий қонунларга нисбатан уларни қабул қилишнинг мураккаброқ тартиб–қоидалари белгиланади. Қонунлар, ўз навбатида, кодекслаштирилган ва жорий қонунларга бўлинади. Кодекслаштирилган қонунларга кодекслар киради. Кодекс–мантиқий тизимлаштириш хусусиятига эга бўлган қонун бўлиб, ўзидаги ижтимоий муносабатларнинг маълум бир соҳасини батафсил тартибга солувчи нормаларни бирлаштиради. Мас., Фуқаролик кодекси, ЖК, МК, Солиқ кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Божхона кодекси ва ҳ.к. Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари қонун чиқарувчи (вакиллик) орган томонидан қабул қилинади ва бундай қонунлар Қорақалпоғистон ҳудудида ижро этилиши ва бажарилиши ҳамма учун мжбурийдир. Қонунлар қуйидаги ҳолларда кучга киради: Расман эълон қилингандан ўн кун ўтгач; Қонунда ёки уни амалга киритиш тўғрисида махсус ҳужжатда кўрсатилган вақтдан бошлаб. Қонунлар қуйидаги ҳолларда ўз кучини йўқотади: Қонун ўзида кўрсатилган муддат тугаган бўлса; Ушбу қонун бекор қилиниши натижасида ( ижтимоий муносабатларнинг шу соҳасини тартибга солувчи янги қонун қабул қилиниши муносабати билан). Қонун замонда амал қилади. Бунинг асосий маъноси шундаки, қонун орқага қайтиш кучига эга. Умумий қоидага кўра, қонунлар орқага қайтиш кучига эга эмас. Ўзбекистонда жиноят ва маъмурий жавобгарчиликни енгиллаштирувчи қонунлар орқага қайтиш кучига эга. Қонун маконда амал қилади, яъни қонунлар мамлакатнинг барча ҳудудларида амал қилади. Давлат ҳудудида унинг суверенитети остида бўлган ҳудуд киради. Ушбу ҳудудга қуруқлик, ички сувлар ва ҳудудий денгиз ҳавзалари, ушбу ҳудудлар устидаги ҳаво бўшлиғи ва давлат чегараси доирасидаги ер ости бойликлари киради. Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари унинг ҳудудидагина амал қилади. Қонун шахсларга нисбатан амал қилади. Одатда қонунлар ушбу ҳудуддаги барча субъектлар, яъни фуқаролар, юридик шахслар, давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун мажбурийдир. Қонун олий юридик кучга эга бўлиб, бу сифат қуйидагиларда намоён бўлади: а) қонунни уни қабул қилган олий вакиллик органидан бошқа ҳеч ким ўзгартира олмайди, бекор қила олмайди ёки янгисини ўрната олмайди; б) бошқа барча норматив–ҳуқуқий актлар қонунга қаъий мувофиқ ҳолда қабул қилинади ва амалга оширилади; в) бирон–бир қонуности норматив–ҳуқуқий акт қонунга зид бўлса, у қонунга мувофиқ ҳолга келтирилади ёки бекор қилинади; г) қонун олий юридик кучга эга бўлган акт бўлганлиги сабабли уни қабул қилган органдан бошқа ҳеч ким қўшимча тарзда тасдиқлаши ва ҳаракатдан тўхтатиб қўйиши мумкин эмас. Қонун давлат нуқтаи назаридан энг муҳим деб ҳисобланган ижтимоий муносабатларни мустаҳкамлаш, ривожлантириш ва тартибга солиш воситасидир. Унда мазкур муносабатларидаги қонунларнинг норматив мажбурий ва сиёсий–ҳуқуқий меъёри ўз ифосини топади. Қонунлар фақат сиёсатнинг ифодаси,сиёсий чора бўлиб қолмасдан беқиёс ижодий ва тарбиявий вазифани бажарувчи катта маънавий бойлик ҳамдир. Ўзбекистон қонун ҳуқуқининг асосий шакли бўлиб, у давлат олий ҳокимият вакиллик органи томонидан махсус белгиланган тартибда қабул қилинади. У давлат томонидан муайян ҳолатларга (муносабатларга) татбиқ қилиш учун чиқариладиган, айнан ўхшаш турдаги ҳолатларга такрор–такрор қўлланадиган, барча фуқаролар, мансабдор шахслар, давлат органлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган умумий қоидаларни ўз ичига олувчи нориатив– ҳуқуқий актдир. Республика қонунларида янгиланаётган ижтимоий тузумимизнинг ҳуқуқий давлат барпо этишнинг энг муҳим принциплари, ривожланишимизнинг йўналишлари ва дастурий вазифалари ўз аксини топади. Қонун ижтимоий тараққиёт қонуниятларининг юридик шаклдаги тавсифини ўзида акс эттирган ва энг муҳим ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи, бевосита халқ иродасини ифодалавчи, белгиланган тартибда давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи томонидан ёки референдум йўли билан қабул қилинадиган ва олий юридик кучга эга бўлган норматив актдир. Қонуннинг юридик хусусиятлари ичида унинг нормативлиги алоҳида аҳамият касб этади. Нормативлик қонуннинг муҳим белгиси ва хусусияти ҳисобланади. Ҳуқуқий ҳужжатларнинг бошқа шакллари ҳам норматив бўлиши мумкин, лекин улар қонунчалик қатъий кучга эга бўлмай, тезкор ижро этувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза этувчи бўлиши мумкин. Қонун норматив акт эканлиги қуйидаги икки жиҳат билан характерланади. Биринчидан, у қонун чиқарувчи органнинг ҳуқуқий қоида ўрнатиш хусусидаги амр –фармойишини, иродасини, қарорини мустаҳкамлайди:, иккничидан, реал ҳаётга қатъий ва мунтазам ҳуқуқий таъсир этиш шакли, воситасидир. Қонун нормаларининг мавжудлиги норматив ҳуқуқий актда намоён бўлади. Қонуннинг нормативлиги деганда, унинг барча учун умуммажбурий қоида, давлат талабининг ифодаси эканлигини тушуниш лозим. Бошқача қилиб айтганда, қонуннинг нормативлиги унинг бир хилдаги қоидани барча учун норма, меъёр, мезон даражасига кўтарилишидадир. Қонунда мустаҳкамланган қоида ҳамма ўхшаш ҳолларда бир хилдаги талаб сифатида такрор–такрор амал қилади. Қонуннинг нормативлиги унда ифодаланган давлат иродасининг қатъийлиги, устунлиги ва олийлиги билан чамбарчас боғлиқдир. Айнан шу ироданинг императив (бўйсундирувчи) мазмуни қонун воситаси билан умумий юриш–туриш ва хулқ–атвор мезонларини белгилайди. Қонуннинг нормативлиги қуйидаги хусусиятларда намоён бўлади: 1) унинг давлат ҳокимият мазмунидаги олий иродани ифода этишлигида; 2) энг муҳим ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилганлиги ва бундай тартибга солишнинг қатъий чегарасини белгилашида; 3) ҳамма учун бир хилдаги умуммажбурий ҳаракат қоидасини ўрнатишида ва лозим бўлганда давлат мажбурлов кучибилан таъминланганлигида; 4) махсус ваколатли давлат органи томонидан алоҳида белгиланган тамойил асосида яратилишидадир.