Yangi hujjatlar

ҚОНУН ЧИҚАРИШ ЖАРАЁНИ

ҚОНУН ЧИҚАРИШ ЖАРАЁНИ – Конст., қонунлар ва бошқа норматив–ҳуқуқий актлар томонидан белгиланган тартибда қонун лойиҳаларини парламент эътиборига ҳавола қилиш, қонун лойиҳасини муҳокама қилиш, уни қабул қилиш, қонунни имзолаш, нашр этиш ва кучга киритиш жараёни. Қ.ч.ж.нинг асосий қатнашчилари Конст.да белгиланган Қ.т.субъектлари ва биринчи навбатда ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи тармоғидир. Бундан ташқари, турли босқичларда қонунчилик жараёни қатнашчилари сифатида ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи тармоғининг турли бўлинмалари (палаталарнинг қўмиталари, келишув комиссиялари, ҳуқуқий ва тилшунослик экспертизаларини амалга оширувчи бўлинмалар, шахслар), қонун лойиҳаларини тайёрловчи ёки уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказувчи турли илмий, давлат ва жамоат ташкилотлари бўлиши мумкин. Қ.ч.ж. бир неча босқичлардан иборат. Улар дунёнинг кўпчилик давлатларида деярли бир хил. Парламентлар ўз фаолиятларини асосан «ҳокимиятларнинг тақсимланиши» принципи асосида қурадилар. Шу билан бирга бу фаолият бир қатор ўзига хос томонларга ҳам эга. Мас., Ўз.Рда Қ.ч.ж.нинг асосий босқичлари – 1) қонун лойиҳасини Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритиш; 2) қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталарининг мажлисларида бир неча бор муҳокама қилиш; 3) қонунни қабул қилиш (Сенат томонидан маъқулланиши); 4) қонуннинг имзоланиши, эълон қилиниши (нашр этилиши) ва кучга киритилиши.

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига