ҚОНУНЧИЛИК ТАШАББУСИ ҲУҚУҚИ – Конст. томонидан белгиланган субъектларнинг қонун чиқарувчи органга қонун лойиҳалари ва қонунчиликка оид таклифларни тақдим этиш ҳуқуқи. Қ.т.ҳ. – субъектив ҳуқуқ бўлиб, белгиланган расмий тартиблар асосида ва шаклда амалга оширилиши мумкин. Ўз.Рда қ.т.ҳ. – бу Конст.да белгиланган ваколатли органлар, ташкилотлар ва шахслар томонидан муайян қонун лойиҳасини ёки янги қонун қабул қилиш тўғрисидаги, шунингдек амалдаги қонунни ўзгартириш ёхуд уни бекор қилиш тўғрисидаги таклифнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси эътиборига тақдим этилиши ва парламент томонидан бу масалани белгиланган тартибда кўриб чиқиш ҳақида тегишли қарор қабул қилишидир. Қ.т.ҳ.ни таҳлил этиш асосида тўрт гуруҳга ажратиш мумкин. 1) биринчи гуруҳ қ.т.ҳ. – бу қонун чиқарувчи органга қонун лойиҳасини тақдим этиш ҳуқуқидир; 2) иккинчи гуруҳ қ.т.ҳ. – бир тарафдан, парламентга қонун лойиҳасини киритиш бўлса, иккинчи тарафдан, қонун лойиҳасининг олий вакиллик органи мажлиси кун тартибига киритилиш шартидир; 3) учинчи гуруҳ қ.т.ҳ. – бу тегишли органлар ва шахсларнинг парламентга қонунчиликка оид таклифни киритиш ҳуқуқидир; 4) тўртинчи гуруҳ қ.т.ҳ. – бу ваколатли субъектлар томонидан қонун чиқарувчи органга қонун лойиҳасини киритиш ҳуқуқи бўлиб, парламент Конст.да белгиланган тартибда лойиҳани кўриб чиқиши ва уни қабул қилиш масаласини ҳал этиши шарт. Ўз.Рда қ.т.ҳ. соҳиблари томонидан қонун лойиҳаларини киритиш тартиби Ўз.Р Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентида белгиланган. Унга кўра, “Қ.т.ҳ. субъектлари Ўзбекистоннинг янги қонунлари лойиҳаларини, амалдаги қонунларини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини тайёр ҳолда тегишли асослантирувчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда Қонунчилик палатасига тақдим этадилар” (12–м.).