Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлигининг ҳамкорликда 2014 йилнинг биринчи ярмида республика ва маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган 143 ташкилотда текширув ўтказди. Текширув натижалари ҳақидаги маълумот ЎзА сайтида эълон қилинган.
Хусусан, хабарда педагогика йўналишидаги еттита олий ўқув юрти текширилганлиги қайд этилган.
Маълум қилинишича, талабалар ўзлаштиришининг якуний кўрсаткичлари сунъий равишда оширилгани натижасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Тошкент давлат педагогика университетида 105,6 миллион сўм, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 43,2 миллион сўм, Тошкент вилоят давлат педагогика институтида 20,2 миллион сўм, Нукус давлат педагогика институтида 16,9 миллион сўм, Қўқон давлат педагогика институтида 9,2 миллион сўм стипендия ортиқча тўланган.
Молиявий назорат якунлари бўйича молиявий ҳуқуқбузарлик ва камчиликлар аниқланган текшириш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги томонидан бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда давлат молиявий назорати тизимли асосда давом эттирилиши ва ажратилаётган бюджет маблағларидан нооқилона, мақсадсиз фойдаланишга йўл қўйган ҳар қандай масъул ходим қонунчилик доирасида жавобгарликка тортилишини яна бир бор эслатиб ўтамиз, – дейилади Ҳисоб палатаси ҳамда Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси хабарида.