2016 йил 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунга имзо чекди. Қонуннинг расмий матни “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида эълон қилинди.
Мазкур Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 10 мартда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2016 йил 31 мартда маъқулланган эди.
Ушбу қонуннинг мақсади парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонун 28 моддадан иборат.
Қонунга кўра, парламент назорати субъектлари қуйидагилардан иборат:
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси;
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати;
- Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари, комиссиялари;
- Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳи;
- Қонунчилик палатаси депутатлари;
- Сенат аъзолари;
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман).
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг, суриштирув ва тергов органларининг, суриштирув ва тергов органларининг, судларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларни, шунингдек ижро иши юритиш ҳамда нотариал иш юритишнинг муайян материалларини кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолият парламент назоратининг объекти бўлиши мумкин эмас.
Парламент назорати шакллари қуйидагилардан иборат:
- навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини қабул қилиш, шунингдек Давлат бюджети ижросининг боришини кўриб чиқиш;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш;
- Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш;
- Қонунчилик палатаси, Сенат мажлисларида ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш;
- Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитиш;
- Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитиш;
- Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини эшитиш;
- Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботини эшитиш;
- парламент сўрови;
- Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўрови;
- Қонунчилик палатаси, Сенат қўмиталари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш;
- қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари томонидан ўрганиш ва қонун ости ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан улар томонидан мониторингни амалга ошириш;
- парламент текшируви.
Парламент назорати қонунга мувофиқ бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин. Қонунда парламент назоратининг ҳар бир шаклига алоҳида тўхталиб ўтилган.
Прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш
Прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, мамлакатда қонун устуворлиги ва қонунийликни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича улар ишининг самарадорлигини ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталари томонидан Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тузилади.
Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ҳар йили Сенатга ҳисобот тақдим этади, ҳисобот Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботи дастлабки тарзда Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси билан биргаликда кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилади.
Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан, яъни 2016 йил 12 апрелдан кучга киради.