Аввал хабар берганимдек, 2014 йил 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонунга имзо чекди.
Мазкур Қонун асосида 6 та Кодекс ҳамда 21 та Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, шунингдек, айрим қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотди.
Хусусан, ушбу Қонун асосида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳам айрим қўшимчалар киритилди. Бунга кўра, Кодекснинг 211-модда (Пора бериш) ҳамда 212-модда (Пора олиш-беришда воситачилик қилиш) янгидан таҳрир қилинди.
Хўш, мазкур Қонун асосида қандай ўзгаришлар бўлди?
Биринчидан, юқоридаги иккала жиноят учун ҳам жазо чоралари кучайтирилди. Қуйида жазолар ўзгариш жадвали билан танишишингиз мумкин:
Олдинги жазо |
Ҳозирги жазо |
1-қисм |
|
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш | энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш |
2-қисм |
|
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш | беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш |
3-қисм |
|
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш | ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш |
Бундан хулоса қилиш мумкинки, эндиликда Ўзбекистон Республикасида пора олиш (210-модда), пора бериш (211-модда) ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш (212-модда) жиноятлари учун жазолар тизими бир хил кўринишга келтирилди. Илгари пора олиш (210-модда) жиноятининг жазоси пора бериш ва воситачилик қилишдан оғирроқ қилиб белгиланган эди.
Иккинчидан, илгари пора берган ёки воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин ИСТАЛГАН ВАҚТДА бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинар эди.
Янги киритилган ўзгартиришга кўра, эндиликда бу муддат ўттиз сутка қилиб белгиланди.
Бу нима дегани?
Бу шуни англатадики, бундан буён пора берган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс ўттиз сутка ичида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлсагина, жавобгарликдан озод этилади.
Агар 30 суткадан кейин келиб, арз қилса нима бўлади?
Бундай ҳолатда пора берган ёки воситачилик қилган шахснинг ўзи ҳам худди пора олган шахс каби жиноий жавобгарликка тортилади.
Қуйидаги жадвалларга эътиборингизни қаратинг:
211-модда. Пора бериш
Олдинги таҳрир |
Ҳозирги таҳрир |
Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ёки бу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилгандан кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, бундай шахс жавобгарликдан озод этилади. | Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади. |
212-модда. Пора олиш-беришда воситачилик қилиш
Олдинги таҳрир |
Ҳозирги таҳрир |
Башарти, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади. | Башарти, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади. |