2016 йил 9 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Қарорнинг расмий матни ЎзА сайтида эълон қилинди.
Қарорда таъкидланишича, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2016 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 12 сентябрь, душанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, 2016 йил 12 сентябрь куни дам олиш куни деб белгиланди ва мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонланади.
Шунингдек, Республика “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа барча мутасадди идора, жамоат ташкилотлари Қурбон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга ошириши белгиланди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Меҳнат кодексининг 131-моддасига асосан Ўзбекистонда байрам (ишланмайдиган) кунларининг сони 9 та бўлиб, булар қуйидагилар:
1 январь — Янги йил;
8 март — Хотин-қизлар куни;
21 март — Наврўз байрами;
9 май — Хотира ва қадрлаш куни;
1 сентябрь — Мустақиллик куни;
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
8 декабрь — Конституция куни;
Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;
Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни.
Меҳнат кодекси дастлаб қабул қилинганда, байрам кунларининг сони 7 та бўлган. Кейинчалик унга 1 октябрь (1996 йил) ва 9 май (1999 йил) қўшилган.