“Россия Почтаси” Ростов шаҳрига посилкада жўнатилган Aplle iPhone 5 телефони ўрнига оддий тошларни олиб бориб берган. Бу ҳақида, Россия Федерацияси Жамоат палатаси сайтида хабар берилган.
Жамоат палатаси ишонч телефонига қўнғироқ бўлган ҳамда бўлиб ўтган воқеа ҳақида хабар берилиб, ёрдам сўраб мурожаат қилинган. Унга кўра Москва шаҳрида яшовчи фуқаро 5 июль куни қимматбаҳо посилка жўнатган. Посилка қийматини ҳисобга олган ҳолда мижоз юборилаётган посилка ҳақида тўлиқ маълумот берган ҳамда телефоннинг нархини ҳам илова қилган (30 минг рубль – таҳм. 2 миллион сўм).
Орадан 8 кун ўтгач, посилка манзилига етказилган. Аммо у очиб қўрилганда, iPhone эмас, бир уюм тошлар борлиги аниқланган. Бу ҳақида почта бўлимида махсус баённома тузилган. Бироқ орадан 4 ой ўтган бўлса ҳам, мижозга на телефон, на унинг миқдоридаги пул қайтарилган. Жамоат палатаси, ушбу ҳолат бўйича тегишли тартибда текширув ўтказишни сўраб Россия алоқа ва ахборотлаштириш вазирига мурожаат қилгани хабар қилинмоқда.