Yangi hujjatlar

Бугундан бошлаб Россияда тегишли бўлмаган жойда чекканларга жарима солинади

Бугундан, яъни 15 ноябрь кунидан бошлаб Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ҳамда “Реклама тўғрисида”ги Қонунга тамакига қарши кураш бўйича киритилган ўзгартириш кучга кирди. Бу ҳақида “Гарант” ҳуқуқий портали хабар бермоқда.

Портал маълумотига кўра, жамоат жойларида чеккан шахсларга 500 рублдан 1,5 минг рублгача жарима солинади. Бу таҳминан 34 минг сўмдан 102 минг сўмгача жаримани ташкил қилади.

Болалар майдончаларида чекиш каттароқ жарима тўлашга сабаб бўлади – 2 мингдан 3 минг рублгача (106-204 минг сўм).

Шунингдек, қонунчиликка кўра, вояга етмаган шахсни тамаки чекишга жалб қилиш учун алоҳида жарима белгиланган бўлиб, унинг қиймати 1 минг рублдан 2 минг рублгачани ташкил қилади. Қизиқ томони, худди шу ҳаракат вояга етмаган шахснинг ота-онаси ёки уни васийликка олган шахс томонидан амалга оширилса, каттароқ қийматдаги жарима тўлашга мажбур бўлади – 2 минг рублдан 3 минг рублгача.

Шунингдек, бугунги кундан бошлаб, Россия Федерацияси ҳудудида тамаки, тамаки маҳсулотлари, чекишга оид барча предметлар, хусусан, чилим, трубкалар, сигарет қоғозлари, зажигалкаларни реклама қилиш бутунлай тақиқланди.

ЎЗБЕКИСТОН ТАЖРИБАСИ
Энди Сизларга Ўзбекистондаги мазкур соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳақида қисқача маълумот берсам.
Худди шу масала юзасидан 2011 йил 5 октярбь куни “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган.

Мазкур қонунга кўра, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдосини амалга оширувчи шахслар мазкур маҳсулотларни йигирма ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш (14-модда), алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни реклама ва тарғиб қилиш (18-модда), жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш (19-модда) тақиқланган эди.
Бироқ шуни алоҳида қайд этишим лозимки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига кўра, жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичганлик учун жавобгарлик мавжуд (187-модда), бироқ ҳали тамаки маҳсулотларини истеъмол қилганлик учун жавобгарлик белгиланмаган. Яъни бу дегани жамоат жойларида чекиш тақиқланган, лекин мазкур қоидани бузганларга ҳозирча маъмурий жавобгарлик йўқ.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (2)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига