Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси 2014 йил 10 апрель куни эрталаб соат 10.00 да Тошкент шаҳрида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мажлислар залида очилади. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.
Аввалроқ, Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати ялпи мажлис кун тартибига қўйилган масалалар ҳақида маълумот берган эди.
Унга кўра, Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг ҳамма соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ва либераллаштиришга қаратилган бир қатор Ўзбекистон Республикаси қонунлари киритилмоқда. Бу қуйидаги қонунлар:
1. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”;
2. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” (янги таҳрири);
3. “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”;
4. “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” (янги таҳрири);
5. “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида” ва бошқалар.
Шу билан бир қаторда, навбатдаги ялпи мажлисда сенаторлар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг фаолияти тўғрисидаги, Ҳисоб палатасининг фаолияти тўғрисидаги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни муҳокама қиладилар.
Сенаторлар ялпи мажлисда адлия вазирининг 2013 йилда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятидаги қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқадилар.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатлари доирасига кирадиган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинади.