Yangi hujjatlar

Чили фуқароси Шекспир Моцарт Армстронг ижтимоий тармоқларда исмини масхара қилишгани учун судга бермоқчи

1994 йилда туғилган чилилик фуқаро Шекспир Моцарт Армстронг Корреа Перес маҳаллий сайлов комиссиясини судга бермоқчи. Бу ҳақида Риа Новости ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ноодатий исмга эга бўлган ёш чилилик паспортининг сурати ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб кетди. Гап шундаки, маҳаллий сайлов комиссияси ходими сайлов вақтида ушбу фуқаронинг паспортини суратга олади ва уни Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жойлаштиради. Кейинчалик мазкур суратга қолдирилган изоҳларда паспорт эгасини оммамий мазах қилиш бошланиб кетади.

10 кун аввал чилилик Корреа Перес Президентлик сайловида овоз бериш учун маҳаллий сайлов округига ташриф буюради. Сайлов комиссияси ходими Энри Элиас Хадуэ Пальма, келган фуқаронинг ажабтовур исмига эътибор қаратади ва уни суратга олиб, кечки пайт Facebook`даги шахсий саҳифасига жойлаштиради.

“Синглим ушбу суратни кўриб, тезда уни ўчириб ташлашим кераклигини, йўқса бу кўп муаммолар келтириб чиқариши мумкинлигини айтгандан сўнг, мен суратни ўчириб ташладим. Сурат узоғи билан 5 дақиқа турди холос. Ўчирганимдан сўнг, анча хотиржам бўлдим, чунки суратни фақат дўстларим кўра оларди холос”, – дейди Хадуэ Пальма.

Лекин унинг дўстлари орасидан кимдир суратни сақлаб олиб, уни кейинчалик яна Facebook`га жойлаштиради ва натижада бу сурат чилиликлар орасида машҳур бўлиб кетади. Кейинчалик ушбу паспорт сурати бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам, масалан Twitter`да пайдо бўлади.

Тез кунда Шекспир Моцарт Армстронг Чили интернет оламидаги энг машҳур шахсга айланди. Унинг паспорт сурати энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бири бўлди. Эътиборли жиҳати муҳокамаларда ёки унинг исмини масхара қилишарди, ёки унинг шаънига ҳақоратли сўзлар ёғиларди.

“Менинг исмим устидан ҳатто мактабда ўқиб юрган вақтимда ҳам кулишмас эди, аммо бу ерда кап-катта инсонларни мазах қилишини кўриб, ҳайрон қолдим”, – дейди Шекспир Моцарт Армстронг.

Мазкур қилмишнинг асосий сабабчиси бўлган Хадуэ Пальма ўз айбини тан олган ҳамда барча жавобгарликни ўз зиммасига олишини таъкидлаган. Шунингдек, у жабрланувчидан шахсан ва оммавий тартибда кечирим сўраган. Шундай бўлсада, Шекспир Моцарт Армстронг маҳаллий сайлов комиссиясини тез кунда судга беришни ҳамда маънавий зарар ундиришни режалаштирган.

Эслатиб ўтаман, бизда ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлган эди. Юртимиздаги алоқа оператори ходимларидан бири ноодатий исмга эга бўлган мижознинг паспорт суратини Facebook`га жойлаштирган, лекин билдирилган кўплаб эътирозлар натижасида ўчириб ташлаганди. Шунингдек, яқинда Сурхондарё вилоятидаги Жумонг исмли фуқаронинг исми ўзгартирилгани ҳақида ҳам хабар берилганди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (5)
  • Йўқ (4)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига