ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИ – товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш), уларни реализация қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарлар (ишлар, хизматлар) импорт қилиш жараёнида қўшилган қиймат қисмининг бюджетга ажратиладиган маблағлари. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини юритувчи юридик шахслар ишлаб чиқарилаётган ва реализация қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғини тўловчилардир. Товарлар (ишлар, хизматлар) ни реализация қилиш бўйича оборот ва импорт қилиш қўшилган қиймат солиғининг солиқ солиш объекти ҳисобланади. Қонунчиликда қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзларнинг икки гуруҳи ажратилади: солиқ тўлашдан озод этиш ва ноль ставка бўйича солиқ солиш.