Yangi hujjatlar

Украина Парламенти молиявий пирамидаларни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тасдиқлади

Рада (Украина Парламенти номи) молиявий пирамидаларни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги қонунни ҳамда ушбу қонунга асосан Жиноят Кодексига тегишли ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақида Segodnya.ua нашри хабар бермоқда.

Юқори Рада мазкур масала юзасидан “Молиявий пирамидаларни тақиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини овозга қўйди ҳамда 310 нафар халқ депутатлари томонидан қўллаб-қувватлангандан сўнг ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинган деб ҳисобланди.

Юқоридаги қонун лойиҳаси “молиявий пирамида” ҳамда “Қасддан молиявий пирамидани яратиш, унда иштирок этишга ўзга шахсларни жалб қилиш ва молиявий пирамидалар натижасида фойда олишни тақиқлаш” каби атамаларга изоҳ беради. Шунингдек, агарда ушбу қонун лойиҳаси кучга кирадиган бўлса, унда тегишли тартибда Жиноят Кодекси, “Реклама тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга ҳам ўзгариш ва қўшимчалар киритилади.

Қонун лойиҳасига кўра, молиявий пирамида бу –ўзга шахсларнинг моддий маблағларини қайта тақсимлаш натижасида ўзи ёки бошқа шахслар учун фойда олишни мақсад қилган ҳолда жисмоний ёхуд юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай молиявий операциялардир.

Эслатиб ўтаман, Ўзбекистон учун ҳам молиявий пирамидалар бегона эмас. Улар билан боғлиқ можаролар юртимизда ҳам бўлган эди. Айниқса 2009-2010 йилларда QuestNet компанияси билан боғлиқ воқеаларни кўпчилик эсласа керак.
Маълумот ўрнида шуни айтишим мумкинки, бизнинг қонунчиликда айнан тўғридан тўғри молиявий пирамидаларни тақиқлаш ҳақида бирон ҳуқуқий норма мавжуд эмас. Бундай ҳаракатлар асосан “Фирибгарлик” жинояти билан квалификация қилинади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (2)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига