ВАКИЛ – 1) Жисмоний ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини давлат органларида ҳимоя этувчи шахс, шунингдек, шахснинг номидан фаолият юритишга ваколатли бўлган жамоат бирлашмаси ёки давлат органи. Барча ҳаракатларни амалга оширишда вакил шахсан ўзи ёки ваколат берувчи шахс б-н биргаликда иштирок этиши мумкин. Вакилнинг ишда иштирок этишига асос бўлиб унинг ваколат берувчи шахс б-н тузган топшириқ шартномаси ҳисобланади. Юридик шахснинг вакили сифатида унинг раҳбари ёки штатдаги ходимлари ва адвокатлар қатнашиши мумкин. Бунда уларга раҳбар томонидан ишонч қоғози берилади. (муал. – И.Зокиров)
2) Давлат томонидан элчилик ёки турли ўзаро алоқаларни амалга оширувчи юқори лавозимли шахс. ЎзРнинг мухтор ёки фавқулодда вакили. Агар В. бирор хил давлатлараро муносабатларни бажаришга юборилган бўлса, тегишли давлат раҳбари томонидан ишонч ёрлиғи берилади. Дипломатик (элчилик) регламенти 1815 й.да Венада қабул қилинган. «ЎзРнинг чет давлатлардаги дипломатия ваколатхоналари бошлиқларини тайинлаш ҳамда чақириб олиш тартиби тўғрисида»ги 1992 й. 9 майда қабул қилинган қонун, «ЎзРнинг дипломатия ходимлари учун дипломатия даража ва мартабалари белгилаш тўғрисида»ги 1992 й. 3 июнда қабул қилинган қонун вакиллик муносабатларини тартибга солиб туради. Шуларга асосан, фавқулодда ёки мухтор вакил этиб тайинланган шахсга у борадиган давлатнинг раҳбарига топширилиши учун ЎзР Президенти имзолаган ишонч ёрлиғи берилади. (муал. – М.Хамидова)