2014 йил 20 январь куни Президент Ислом Каримов «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзоланганлиги ҳақида хабар бергандим.
Мазкур қонун асосида суд тизими билан боғлиқ қатор қонун ҳужатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, эндиликда судьялик лавозимига сайланганлиги ёки тайинланганлиги туфайли ишдан озод қилинган шахсларга уларнинг ваколатлари тугаганидан кейин судьялик лавозимига сайланишига ёки тайинланишига қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилиши белгиланди. Бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилиши қайд этилди.
Ушбу қоида энг аввало Меҳнат Кодексида ўз аксини топди. Кодекс “Судьялик лавозимига сайланган ёки тайинланган ходимларни ишга жойлаштиришдаги қўшимча кафолатлар” номли 69-1-модда билан тўлдирилди.
Бундан ташқари, «Судлар тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида» ҳамда «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунларга ҳам юқоридаги масала юзасидан тегишли қўшимчалар киритилди.
Жумладан, «Судлар тўғрисида»ги Қонунда ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш учун ҳужжатлари кўриб чиқиладиган даврда ёхуд янги иш жойига ишга жойлаштирилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолиниши ҳам белгилаб қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ўзгаришлар 2012 йил 2 августдаги “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.