ВАЛЮТА – муайян мамлакатнинг маълум оғирликдаги олтин ёки кумушга нисбатан қўлланиладиган пул бирлиги. Ҳозирда нархни белгилаш учун олтин ёки кумуш ўрнига маҳаллий В.нинг бошқа мамлакатлар В.га (АҚШ доллари, қирғиз соми ва ҳ.к.) ёхуд халқаро ҳисоб-китоб бирликларига (СДР, ЭКЮ) нисбати қўлланилади. Тарихдан В.ларнинг олтин, кумуш, мис, қоғоз, хорижий давлатлар пул бирликлари, хорижий давлатлар пул бирлигидаги кредит ва тўлов маблағлари (вексель, чек, аккредитив ва б.), шунингдек, мамлакат ичидаги ва ташқарисидаги хорижий давлатлар пул бирлигидаги ва банк ҳисобларидаги, умумий «хорижий В.» номли маблағлар, халқаро ва минтақавий ҳисоб пул бирлиги каби турлари маълум. Тизими ва қўлланилиш доирасига кўра қуйидаги В.лар фарқ қилинади: 1) эркин конвертациядаги В. Уларни ҳар қандай хорижий В.га алмаштириш мумкин; 2) қисман конвертациядаги В. Уларнинг муомаласи алоҳида шахслар ва алоҳида операциялар учунгина мумкин; 3) конвертацияланмайдиган, ёпиқ В.лар. Уларнинг муомаласи мамлакат резидентлари (аҳолиси) учун ҳам ва норезидентлари (бошқа шахслар) учун ҳам тақиқланган; 4) клиринг В.си – товар ва хизмат алмашишда ҳисобга олинадиган ўзаро келишилган ҳисоб. ЎзРнинг миллий валютаси сўмдир. (муал. – А.Ли)