ВАЛЮТА ОПЕРАЦИЯЛАРИ – валюта бойликларига нисбатан бўлган эгалик ҳуқуқининг ўтиши б-н боғлиқ операциялар, шу жумладан, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда чет эл валютасидан, шунингдек, ЎзР.нинг пул бирлигидан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш б-н боғлиқ операциялар; валюта бойликларини хориждан ЎзРга олиб кириш ва жўнатиш ҳамда ЎзРдан хорижга олиб чиқиш ва жўнатиш; халқаро кўламда пул ўтказиш ишларини амалга ошириш. В.о. жорий операцияларга ва капиталнинг ҳаракати б-н боғлиқ бўлган операцияларга бўлинади. Жорий В.о.га: молларни экспорт ва импорт қилиш, валюта бойликларининг олди–сотдиси бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш, интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқни рўёбга чиқариш б-н боғлиқ, ҳисоб-китоблари тўлов муддатини кечиктирмаслик шарти б-н амалга ошириладиган, заём маблағлари берилиши ёки жалб этилишини назарда тутмайдиган операциялар; банк омонатлари, кредитлари, инвестициялар ва б. молия операцияларидан фоизлар, девидендлар ҳамда ўзга даромадларни хорижга ва хориждан ўтказиш; савдо б-н боғлиқ бўлмаган маблағларни, шу жумладан, иш ҳақи, пенсия, алимент, мерос пулларни ўтказиш каби операциялар киради. Капитал ҳаракати б-н боғлиқ валюта операциялари жумласига: инвестициялар, шу жумладан, қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш; кредитлар бериш ва олиш; маблағларни жалб этиш ҳамда уларни счётларга ва омонатларга қўйиш; тўловлар амалга ошириладиган ёки эгалик ҳуқуқи муайян муддатдан кейин валюта бойликларига ўтадиган молиявий операциялар киради. (муал. – А.Ли)