Yangi hujjatlar

ВАСИЙ ТАЙИНЛАШ

ВАСИЙ ТАЙИНЛАШ – васийлик ота-онаси вафот этганлиги, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганлиги, ота-онасининг оғир касаллиги ёки бошқа сабабларга кўра ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болаларни тарбиялаш, уларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун тайинланади. Васийлик 14 ёшга тўлган болаларга ва суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга тайинланади. Васийлик туман ёки ш. ҳокимининг қарори б-н белгиланади. Васийлик вазифаларини амалга ошириш халқ таълими бўлимларига, соғлиқни сақлаш бўлимларига, ижтимоий таъминот бўлимларига юклатилган. Васийлик мажбуриятларини амалга ошириш учун васийлик органи томонидан васий этиб вояга етган ҳар икки жинсдаги фуқаролар уларнинг розилиги б-н тайинланади. В.т. лозимлиги васийлик органларига маълум бўлган вақтдан бошлаб бир ойдан кечиктирмай васий тайинланиши лозим. В.т. вақтида унинг шахсий фазилатлари, тегишли мажбуриятларни бажаришга қобилиятлилиги, мазкур шахс б-н муҳтож шахс ўртасидаги муносабатлар, васийликка олувчининг хоҳиш-истаги инобатга олиниши керак. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганлар ёки бундай ҳуқуқи чекланганлар, қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки лаёқати чекланган деб топилганлар, болани фарзандликка олиб, уни тарбиялаш, ўстириш, улғайтириш каби мажбуриятларни бажармаганликлари учун фарзандликка олиш бекор қилинганлар, ўз ҳуқуқларини суистеъмол қилганликлари учун васийлик ёки ҳомийлик вазифаларидан четлатилганлар, қасддан содир этган жинояти учун муқаддам судланганлар ОКда белгиланишича васий этиб тайинланмайдилар. (муал. – Ш.Шорахметов)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига