ВАСИЯТ МАЖБУРИЯТИ – васият қилувчи васият бўйича меросхўрнинг зиммасига бир ёки бир неча шахс фойдасига бирон–бир мажбуриятни мерос ҳисобидан бажаришни юклаши. Қонун бўйича ворислар жумласига кирадиган, шунингдек, кирмайдиган шахслар ҳам в.м. юзасидан ҳуқуқ олувчилар бўлишлари мумкин. В.м. юзасидан ҳуқуқ олувчига мерос таркибига кирадиган ашёни мулк қилиб ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ қилиб бериш, мерос таркибига кирмайдиган мол-мулкни унинг учун сотиб олиш ва унга бериш, унинг учун муайян ишни бажариш, унга муайян хизматлар кўрсатиш ва ҳ.к. в.м. нарсаси бўлиши мумкин. Васият қилувчи томонидан зиммасига в.м.ни бажариш вазифаси юклатилган меросхўр бу вазифани ўзига ўтган мероснинг мерос қолдирувчи қарзларининг ўзи тўлаши лозим бўлган қисмини чегириб ташлагандан кейин қоладиган ҳақиқий қиймати доирасидагина бажариши лозим. Агар зиммасига в.м. юклатилган меросхўр меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлса, унинг в.м.ни бажариш вазифаси ўзига ўтган мерос қийматининг мажбурий улуш миқдоридан ортиқ бўлган қисми б-н чегараланади. В.м.ти барча ёки бир неча меросхўр зиммасига юклатилган ҳолларда, агар васиятномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, уларнинг ҳар бири в.м.ни меросдаги ўз улушига мутаносиб равишда бажаради. Васият қилувчи мерос сифатида уй–жой, квартира ёки бошқа турар жойни оладиган меросхўр зиммасига турар жойни ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга умрбод фойдаланиш учун бериб қўйиш мажбуриятини юклашга ҳақли. Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи кейинчалик бошқа шахсга ўтганида ҳам умрбод фойдаланиш ҳуқуқи ўз кучида қолади. Турар жойдан умрбод фойдаланиш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилмайди, ўзгага берилмайди ва в.м. юзасидан ҳуқуқ олувчининг меросхўрларига ўтмайди. В.м. юзасидан ҳуқуқ олувчига берилган турар жойдан умрбод фойдаланиш ҳуқуқи, агар васиятномада бошқача тартиб кўрсатилган бўлмаса, унинг оила аъзолари мазкур турар жойда яшаши учун асос ҳисобланмайди. Зиммасига в.м. юклатилган меросхўр вафот этган ёки у меросни қабул қилиб олмаган тақдирда, в.м.ни бажариш унинг улушини олган бошқа меросхўрларга ёхуд, агар мол-мулк эгасиз бўлиб қолса, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ўтади. В.м. юзасидан ҳуқуқ олувчи мерос очилгунга қадар ёки мерос очилгандан кейин, аммо васиятнома бўйича меросхўр в.м.ни қабул қилиб олишга улгурган пайтга қадар вафот этган тақдирда в.м. бажарилмайди. В.м. юзасидан ҳуқуқ олувчи мерос қолдирувчининг қарзлари учун жавобгар бўлмайди. (муал. – И.Зокиров)