ВАСИЯТНОМА – фуқаронинг унга тегишли бўлган мол-мулкни, мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўзи вафот этгандан сўнг тасарруф этиш бўйича хоҳиш-иродасини ифода этадиган фармойиши. Бу ҳуқуқ васият қилувчига ўз ҳуқуқини амалга оширишда эркинлик беради. В. ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Нотариал тасдиқланган ва уларга тенглаштирилган в. ёзма шаклда тузилган ҳисобланади. Ёзма шаклдаги в. васият қилувчининг ўз қўли б-н имзоланиши лозим. Агар в. қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли в.ни ўз қўли б-н имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ в.ни тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли б-н имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда в.га бошқа шахс имзо қўйиши мумкин. В. қилувчининг ўрнига в.ни имзолаши мумкин бўлмаган шахслар доираси фуқаролик қонун ҳужжатлари б-н белгиланади. В. қилувчи исталган вақтда ўз в.сини тўлалигича бекор қилишга ёхуд унда мавжуд бўлган айрим васият фармойишларини янги в. тузиш орқали бекор қилишга, ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақли. В. васият қилувчи томонидан ёки васият қилувчининг ёзма фармойишига биноан нотариус ёхуд бошқа мансабдор шахслар томонидан унинг барча нусхаларини йўқ қилиб ташлаш йўли б-н бекор қилиниши мумкин. Янги в. тузиш орқали олдин тузилган в. тўлалигича ёки унинг кейинги в.га зид бўлган қисми бекор қилинади. Агар васият қилувчи томонидан кейинги в. ўз навбатида бекор қилинган ёки ўзгартирилган бўлса, янги в. тузиш орқали тўлалигича ёки қисман бекор қилинган олдинги в. қайта тикланмайди. В. сир сақланади ва у нотариус, васиятни ижро этувчи ёки суд томонидан талқин қилинганида ундаги сўзлар ва ибораларнинг асл маъноси эътиборга олинади. Тегишли шаклда тузилмаган в. ҳақиқий ҳисобланмайди. (муал. – И.Зокиров)