ВЕТО (лотинча veto – ман этаман) – 1) кенг маънода ваколатли шахс ёки орган томонидан у ёки бу қарорга нисбатан ёзма ва оғзаки шаклда қўйиладиган таъқиқ. 2) бир орган томонидан бошқасининг қарорига мутлоқ ёки шартли–чекланган таъқиқнинг қўйилиши. Замонавий давлатларда қандайдир бир органнинг қарорини тўхтатиб қўядиган ёки кучга киришига йўл қўймайдиган ҳаракат. Давлат бошлиғига парламент қабул қилган қонунларга В. қўйиш (қарорларни тақиқлаш) ҳуқуқининг берилиши алоҳида аҳамият касб этади. В.нинг мутлоқ (ёки резолютив), бунда давлат бошлиғи парламент қабул қилган қонунни узил–кесил қайтариш ҳуқуқига эга бўлади ва нисбатан (кечиктирадиган ёки суспенсив) турлари фарқланади. Бунда давлат бошлиғининг қонунни тасдиқлашни рад этиши унинг кучга киришини тўхтатади, холос, чунки парламентга бу қонунни иккинчи марта овоз бериш б-н қабул қилиш ҳуқуқини беради. Бунда қонун лойиҳасини иккинчи (якуний) овоз бериш б-н қабул қилишда қатор парламентларда овозларнинг алоҳида кўпчилиги (мас., АҚШ ва РФда ҳар бир палатанинг 2/3 овози) талаб қилинади. Шунингдек, умумий ва қисман В.лар ҳам мавжуд. Умумий В. ҳужжатнинг ҳаммасини бутунлай рад этилишини, иккинчиси эса бирор ҳужжатнинг алоҳида қисми ёки м. рад этилганлигини англатади. (муал. – О.Муҳаммаджонов)