ВИЦЕ-ПРЕЗИДЕНТ – бошқарувнинг республика шакли ўрнатилган айрим мамлакатларда (АҚШ, Бразилия, Ҳиндистон, Қозоғистон ва б.) президентнинг доимий ўринбосари. Вице–президент қоидага кўра президент б-н бир хил муддатга ва ўша усулда сайланади. В.–п. номзодига қўйиладиган талаб, одатда президент номзодига қўйиладиган талаб б-н бир хил бўлади. Қатор давлатлар конс.сига мувофиқ в.–п. лавозими бўйича парламент юқори палатасининг раиси ҳисобланади. Қатор ҳолатлар (президентнинг вафоти, истеъфога чиқиши, четлатилиши, касал бўлиши, йўқ бўлиши) содир бўлганда в.–п. ўз–ўзидан президент лавозимини эгаллайди ёки фақат шу ҳолатлар амалда бўлган вақтда унинг вазифасини бажариб туради. (муал. – О.Муҳаммаджонов)