ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ – 18 ёшга тўлмасдан жиноят содир қилган шахсларнинг жавобгарлиги. ЖКда вояга етмаганлар содир этадиган жиноятларнинг ўзига хос хусусиятлари ва б. ҳолатлари эътиборга олиниб, алоҳида жазолар белгиланган. Булар: а) жарима; б) ахлоқ тузатиш ишлари; в) қамоқ; г) озодликдан маҳрум қилиш жазоларидан иборат. Вояга етмаганларга нисбатан жазонинг бошқа турлари ва қўшимча жазолар тайинланиши мумкин эмас (ЖК, 81-м.). Вояга етмасдан жиноят содир қилган шахсларга нисбатан тайинланадиган жазо миқдори ва муддатлари анча қисқартирилган. Вояга етмаганларга нисбатан белгиланадиган жарима, энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан йигирма бараваригача миқдорда тайинланади. Ахлоқ тузатиш ишлари 1 ойдан 1 й.гача муддат доирасида белгиланади ва бу жазони ўташ учун маҳкумни ўзи яшаётган жойдан бошқа жойларга жўнатиш мумкин эмас. Қамоқ жазоси 1 ойдан 3 ойгача муддат доирасида тайинланади. Озодликдан маҳрум қилиш муддати вояга етмаганлар ёши ва жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб: 16 ёшга тўлмаганларга – унча оғир бўлмаган жиноят учун – 3 й.гача; оғир жиноят учун – 6 й.гача; ўта оғир жиноят учун – 10 й.гача; 16 ёшдан 18 ёшгача бўлганларга – унча оғир бўлмаган жиноят учун – 4 й.гача; оғир жиноят учун 7– й.гача; ўта оғир жиноят учун – 10 й.гача муддат доирасида тайинланади. (ЖК 85– ва 86-м.). Суд вояга етмаганларга жазо тайинлашда жазо тайинлашнинг умумий асосларига амал қилиб, вояга етмаганнинг ривожланганлик даражаси, турмуш шароити ва тарбиясини, соғлиғини, содир этган жиноятининг сабабларини, катта ёшдагиларнинг, бошқа ҳолатларнинг унинг шахсига таъсирини ҳисобга олади. Ўн уч ёшдан ўн олти ёшгача бўлган вақтда жиноят содир этган шахсларга нисбатан жиноятлар мажмуи тариқасида жазо тайинланганда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кўп муддати ўн й.гача, агар содир этган жиноятларининг биттаси ўта оғир жиноят бўлса, ўн икки й.гача тайинланади. Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вақтда жиноят содир этган шахсларга нисбатан жиноятлар мажмуи тариқасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси – ўн икки й.гача муддатга, агар содир этган жиноятларининг биттаси ўта оғир жиноят бўлса, ўн беш й.гача муддатга тайинланиши мумкин. Жиноят содир этиш пайтида ўн уч ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан бир неча ҳукм юзасидан тайинланадиган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг муддати ўн беш й.дан ошмаслиги керак. Вояга етмаган шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганда суд ЖКнинг 72-м.да назарда тутилган асос ва шартлар мавжуд бўлса, шартли жазо белгилаши мумкин. Озодликдан маҳкум этишга ҳукм қилинган вояга етмаганлар жазони вояга етмаганлар тарбия колониясида ўтайди. Вояга етмаганларни жавобгарликдан ёки жазодан озод қилишнинг алоҳида қоидалари татбиқ қилинади. Шунингдек, жинояти учун 3 й.дан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган ёки ундан ҳам енгилроқ бошқа жазо олган вояга етмаганларни суд жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиб, жиноий жазо ҳисобланмаган қуйидаги мажбурлов чораларини қўллаши мумкин: а) суд белгилайдиган шаклда жабрланувчидан узр сўраш; б) 16 ёшга тўлган шахс зиммасига етказилган зарарни ўз маблағи ҳисобидан ёки меҳнати б-н тўлаш ёки зарарни бартараф қилиш мажбуриятини юклаш; в) вояга етмаганни махсус ўқув–тарбия муассасасига жойлаштириш. Унинг в.е.ж.га доир ишларни юритиш тартиби умумий қоидалар, шунингдек, ЖПК 548–564-м. асосида белгиланади. (муал. – Ғ.Абдумажидов)