Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев 2013 йил 16 октябрь куни «Ўзбекистонда хорижий тиллар» номли касбга оид электрон журнал ва Интернет порталини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети муассислигида «Ўзбекистонда хорижий тиллар» номли касбга оид электрон журнал ва Интернет портали ташкил этилиши белгиланди.
«Ўзбекистонда хорижий тиллар» номли касбга оид электрон журнал ва Интернет портали таҳририяти» Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Муқимий кўчаси, 104-уй манзилидаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети биносига ижара тўловисиз жойлаштирилади.
Шунингдек, қарорга биноан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига 2014 йил 1 мартга қадар «Ўзбекистонда хорижий тиллар» номли касбга оид электрон журнал ва Интернет портали фаолиятини самарали ташкиллаштириш вазифаси юкланди.
«Ўзбекистонда хорижий тиллар» номли касбга оид электрон журнал ва Интернет порталининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
давлат устувор йўналишларига мос республика миқёсида хорижий тилларни ўрганишга оид назарий ва методологик муаммоларни ёритиш;
хорижий тилларни ўрганиш ва хорижий филология соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий ишлар, инновацион лойиҳалар ва уларни амалиётга жорий этиш борасида эришилаётган натижаларни кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш;
хорижий тилларни ўрганишда халқлар маданияти ва маданиятлараро мулоқот масалаларини ёритиш;
хорижий тилларни ўқитишда замонавий таълим технологияларини жорий этиш, узлуксиз таълим тизими ва халқаро таълим дастурлари доирасидаги турли лойиҳалар натижаларини оммалаштириш;
янгиликлар ва соҳага оид материалларни ёритиб бориш.
Қарорнинг расмий матни билан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари Миллий базасида танишишингиз мумкин.