Yangi hujjatlar

ЁПИҚ АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ

ЁПИҚ АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ – акциялари фақат ўзининг муассислари орасида ёки олдиндан белгилаб қўйиладиган бошқа шахслар доирасида тақсимланадиган акциядорлар жамияти ёпиқ акциядорлар жамияти ҳисобланади. Бундай жамият ўзи чиқарадиган акцияларга очиқ обуна ўтказишга ёки уларни сотиб олиш учун чекланмаган доирадаги шахсларга бошқача тарзда тавсия этишга ҳақли эмас. Ёпиқ акциядорлар жамияти иштирокчиларининг сони қонун б-н белгилаб қўйилган миқдордан ошмаслиги керак. Бу сон белгиланган миқдордан ошиб кетган ҳолда у бир й. ичида очиқ акциядорлар жамиятига айлантирилиши, ушбу муддат тамом бўлганидан кейин эса, агар акциядорлар сони белгиланган даражагача камаймаса, суд тартибида тугатилиши лозим. Қонунда назарда тутилган ҳолларда ёпиқ акциядорлар жамияти ҳар й. йиллик ҳисобот, бухгалтерия баланси, фойда ва зарарлар ҳисобварағини барчанинг танишиб чиқиши учун эълон қилиши шарт. Ёпиқ акциядорлик жамияти б-н боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар ФК, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари б-н тартибга солинади. Ёпиқ акциядорлик жамияти акциядорлари ушбу жамиятнинг бошқа акциядорлари сотаётган акцияларни ўзга шахсга таклиф этилаётган нархда сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар. Агар акциядорлар акцияларни сотиб олишда ўз имтиёзли ҳуқуқларидан фойдаланмасалар, жамият акциядорлар томонидан сотиладиган акцияларни сотиб олиш учун имтиёзли ҳуқуққа эга бўлиши унинг уставида кўзда тутилиши мумкин. Акциядорлар сотаётган акцияларни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиш тартиби, муддати жамият уставида белгилаб қўйилади. Имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиш муддати акциялар савдога қўйилган пайтдан бошлаб 30 кундан кам ва 60 кундан кўп бўлиши мумкин эмас. Ёпиқ акциядорлик жамиятининг муассислари уч шахсдан кам бўлмаслиги лозим. Жамиятнинг ҳар бир муассиси унинг акциядори бўлиши лозим. (муал. – И.Зокиров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига