Yangi hujjatlar

Украина Президенти маҳкум Юлия Тимошенконинг хорижда даволаниши учун рухсат беришга рози бўлди

Украина Президенти Виктор Янукович собиқ Бош вазир, ҳозирда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкум Юлия Тимошенконинг хорижда даволаниши учун рухсат беришни ваъда қилди. Бу ҳақида, Газета.ру хабар бермоқда.

Украина Президентининг таъкидлашича, Юлия Тимошенконинг хорижда даволаниши учун рухсат беришга тайёр. Фақат бунинг учун энг аввало Юқори Рада (Украина Парламенти, – Xushnudbek.uz изоҳи) ушбу ҳолатни тартибга солувчи қонун лойиҳасини тайёрлаши ва қабул қилиши керак.

“Ҳозирда парламентда махсус қонун лойиҳасини тайёрламоқда. Чунки бугунги кунда Украинада Юлия Тимошенкони хорижга чиқиб даволаниши учун рухсат берувчи қонун йўқ (бу эрда фақат Тимошенко эмас, барча маҳкумлар назарда тутилмоқда, – Xushnudbek.uz изоҳи). Парламент ушбу масалага ойдинлик киритувчи қонунни қабул қилиб, столим устига қўйиши билан, имзолашга тайёрман”, – деди Виктор Янукович журналистлар билан суҳбатда.

“Кейинчалик мазкур масала қандай механизмда тартибга солинади дейсизми? Катта эҳтимол билан, хорижга чиқиш, у ерда даволаниш ва маҳкумни чет элда сақлаш ҳақида тегишли қарорни суд ҳал қилади”, – дея қўшимча қилди Украина Президенти.

Таъкидлаш жоизки, Тимошенконинг сиёсий хайрихоҳлари собиқ Бош вазирнинг хорижда соғлигини тиклаши учун ҳеч қандай қўшимча қонун шарт эмаслигини таъкидлашмоқда. Юлия Тимошенконинг турмуш ўртоғи Александр Тимошенко тезроқ бу машмашалар ва қоғозбозликлар тугашига, шунингдек, тезроқ рафиқасини озод қилинишига умид қилаётганини таъкидлаб ўтган.

Эслатиб ўтаман, Юлия Тимошенко 2011 йил 11 октябрдаги суд ҳукмига биноан 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Ўша йилнинг 30 декабридан бошлаб, Харьков шаҳридаги аёллар колониясида жазони ўтамоқда.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (2)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига