ЗАҲИРА ЕРЛАР – юридик ва жисмоний шахслар эгалигига ҳамда фойдаланишига, ижарага берилмаган, мулк сифатида реализация қилинмаган барча ерлар. З.е. жумласига эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи, ижарага олиш ҳуқуқи, мулк ҳуқуқи бекор қилинган ерлар ҳам киради.
З.е. асосан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини, шунингдек, саноат, транспорт, бошқа хўжалик мақсадлари, жамоа боғдорчилиги ва полизчилигини ривожлантириш учун заҳира бўлиб хизмат қилади. З.е. кейинчалик қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун эгалик қилиш, фойдаланишга ва ижарага берилади.
З.е. туман, шаҳар давлат ҳокимияти органларининг тасарруфида бўлади. Бундан ташқари, З.е. ўзини ўзи бошқарув идоралари ихтиёрида ҳам бўлиши мумкин. Бу идоралар З.е.ни юқорида санаб ўтилган мақсадлардан ташқари, яна уй–жой қуриш учун фуқароларга, хизмат юзасидан чек ерлар сифатида беришлари мумкин. Бунда, албатта, З.е.ни қишлоқ хўжалиги мақсадларида ишлатиб бўлмаслигини эътиборга олиш лозим.