ЗАРУРИЙ МУДОФАА ЧЕГАРАСИДАН ЧЕТГА ЧИҚИШ – тажовузнинг хусусияти ва хавфлилиги даражасига бутунлай мувофиқ келмайдиган мудофаа, З.м.ч.ч.ч. деб топилади (ЖК 37-м.). Ҳимоя тажовуз характери ва хавфлилигига мувофиқ бўлиши шарт. Лекин ҳимояланаётган шахс, одатда, ҳар доим ҳам тажовузнинг характери ва хавфлилигини аниқ англай олмайди ва жиноятнинг олдини олиш учун керакли бўлган зарарни етказади. Шу сабабли зарурий мудофаа ҳолатида бўлган шахс етказган зарар кўрсатилган тажовузга нисбатан кам, тенг ёки кўп бўлиши мумкин. Бироқ, бу ҳолат қилмишни зарурий мудофаа деб топмасликни англатмайди. Негаки, зарурий мудофаадаги муҳим ҳолат тажовуздан келиб чиқадиган зарарни камайтириш эмас, балки ижтимоий манфаатларни ҳимоялашдан иборат.