ЖАБРЛАНУВЧИ – жиноят оқибатида ёхуд ақли норасо шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши натижасида маънавий, жисмоний ёки мулкий зарар кўрган шахс. Маънавий зарар фуқароларнинг шаъни, ор–номуси ва инсоний қадр–қимматини топташда, уни бошқа фуқаролар олдида камситишда, жамоатчилик олдида обрўйини туширишда ва бадном қилишда ифодаланади. Жисмоний зарар – фуқаронинг баданига шикаст ва соғлиғига путур етказиш, жисмоний азоб ва оғриқларга дучор қилиш. Мулкий зарар – шахсий мулкни ғайриқонуний равишда олиш, унга шикаст етказиш ёки мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини бузиш демакдир. Фуқарони Ж. деб топиш ҳақида суриштирувчи, терговчи ва прокурор – қарор, суд эса – ажрим чиқаради. Ж. вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, ишда унинг қонуний вакили иштирок этади. Ж.нинг ўлими б-н тугаган жиноят ишларида Ж. ҳуқуқлари қонунга биноан яқин қариндошларига ўтади.Ж.га жиноят ишида фаол иштирок этиш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кенг ваколатлар берилган. Ж.: кўрсатувлар бериш, далиллар тақдим қилиш, илтнмоснома бериш ва рад этиш, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд ҳаракатлари устидан шикоят қилишга; дастлабки тергов тугагандан кейин ишдаги барча материаллар б-н танишиб чиқишга; суд муҳокамаси олиб борилаётган тилни билмаса, ўз она тилида гапириш ва таржимон хизматидан фойдаланишга ҳақли. Ж. ўз манфаатларини шахсан ўзи ёки ўз вакили орқали ҳимоя қилиши мумкин. Ж. суд муҳокамасида қатнашаётиб, гувоҳларга, экспертга, судланувчига, бошқа Ж.ларга, фуқаровий даъвогар ва фуқаровий жавобгарга саволлар, суд терговининг исталган пайтида суд текшираётган иш ҳолатлари юзасидан кўрсатув бериш, арз қилинган фуқаровий даъвосини қувватлаш ҳуқуқига эга. Ж. ашёвий далиллар ва ҳужжатларни ҳамда жиноят содир бўлган жойни кўздан кечиришда иштирок этиши, суд мажлиси протоколи б-н танишиши ва протокол юзасидан ўз мулоҳазаларини маълум қилиши мумкин. Ж. ҳукм устидан шикоят қилишга, бошқа иштирокчиларнинг шикоят ва прокурор протести б-н танишишга, улар юзасидан иштирокчи эътирозлар билдиришга ҳақли (ЖПК 54-55м.). Ж. иш юзасидан билганларини маълум қилишга ва қўйилган саволларга жавоб беришга мажбур. Кўрсатувлар беришдан бош тортганлиги ва билатуриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги учун Ж. жиноий жавобгарликка тортилади (ЖПК 238-240 м.). (муал. – Ғ.Абдумажидов)