ЖАМОА МОДДИЙ ЖАВОБГАРЛИГИ – ходимлар томонидан иш берувчига етказилган моддий зарар учун жавобгарлик юклаш турларидан бири. Топшириб қўйилган (сақлаш, сотиш, тақсимлаш, қайта ишлаш учун) моддий бойликлар, пул ва б. қимматликлар учун ҳар бир ходимнинг якка (индивидуал) моддий жавобгарлигини белгилаб бўлмайдиган (ишлар фақат биргаликда бажариладиган) ҳолларда бригада (жамоа) аъзоларининг биргаликда (солидар) жавобгарлиги жорий этилади ва бригада (жамоа) аъзолари б-н иш берувчи ўртасида тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида ёзма шартнома тузилади. Бундай шартноманинг Намунавий нусхаси ЎзР Меҳнат вазирлиги томонидан 1996 й. 2 апр.да тасдиқланган. Бригада (жамоа) моддий жавобгарлиги бўйича ёзма шартнома тузиладиган ишлар (касблар, иш жойлари) рўйхати ва бундай шартнома тузилиши мумкин бўлган ходимларнинг тоифалари жамоа шартномасида белгилаб қўйилади. Бригада (жамоа) нинг ҳар бир аъзоси зарар етказилишида ўзининг айбдор эмаслигини исботлаб бера олган тақдирда жавобгарликдан озод этилади. 18 ёшга тўлмаган шахслар б-н бундай шартнома тузилиши мумкин эмас. (муал. – Й.Турсунов)