Yangi hujjatlar

ЖАМОАТ БИРЛАШМАСИ

ЖАМОАТ БИРЛАШМАСИ – ўз ҳуқуқлари, эркинликларини ҳамда сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий ривожланиш, фан, маданият, экология ва хаётнинг бошқа сохаларидаги қонуний манфаатларини биргаликда рўёбга чиқариш учун бирлашган фуқароларнинг хоҳиш–иродаларини эркин билдиришлари натижасида вужудга келган ихтиёрий тузилма– жамоат бирлашмасидир. Сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, касаба уюшмалари, хотин-қизлар, ёшлар ва болалар ташкилотлари, фахрийлар ва ногиронлар ташкилотлари, илмий-техникавий, маданий-маърифий, жисмоний тарбия-спорт ва б. кўнгилли жамиятлар, ижодий уюшмалар, ватандошлар уюшмалари, ассоциациялар ва фуқароларнинг бошқа бирлашмалари жамоат бирлашмалари деб эътироф этилади. Жамоат бирлашмалари фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар ҳамда эркинликларни рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш; фуқароларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини, давлат ва жамият ишларини бошқаришда уларнинг иштироқ этишини ривожлантириш; касб–кор ва ҳаваскорлик қизиқишларини қондириш; илмий, техникавий ва бадиий ижодкорликни ривожлантириш; аҳолининг сиҳат–саломатлигини сақлаш, хайрия фаолиятида қатнашиш; маданий–маърифий, жисмоний тарбия–соғломлаштириш ва спорт ишларини ўтказиш; табиатни, тарих ва маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш; ватанпарварлик ва инсонпарварлик тарбияси; республикалараро ва халқаро алоқаларни кенгайтириш, халқлар ўртасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлаш; қонунда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш мақсадида тузилади. Фаолияти жамиятнинг ахлоқий негизларини, умумбашарий инсонпарварлик қадриятларини бузишга қаратилган, шунингдек, конституцион тузумни ғайриқонуний йўл б-н ўзгартириш ёки ЎзР ва Қорақалпоғистон ҳудудининг бирлигини бузиш, урушни, зўравонликни ва шафқатсизликни, жамиятни парчалашга олиб борадиган ижтимоий, синфий, шунингдек, ирқий, миллий ва диний адоватни авж олдириш, қонун б-н тақиқланган бошқа хатти-ҳаракатлар қилиш мақсадини кўзлайдиган жамоат бирлашмаларининг тузилишига йўл қўйилмайди. Ҳарбийлаштирилган жамоат бирлашмалари ва қуролли тузилмалар, шунингдек, диний характерга эга партиялар, уларнинг филиаллари ва б. структура бўлаклари ташкил этиш тақиқланади. Жамоат бирлашмалари ўз аъзолари (қатнашчилари) нинг ихтиёрийлиги, тенг ҳуқуқлилиги, ўзини ўзи бошқариш, қонунийлик ва ошкоралик асосида тузилади ва ҳаракат қилади. Барча жамоат бирлашмалари ўз уставларида, бошқа ҳужжатларида кўзда тутилган вазифаларни бажаришда ЎзРнинг Конс., Қорақалпоғистон Республикасида эса Қорақалпоғистон Республикасининг Конс., ЎзРнинг бошқа қонунлари доирасида иш кўрадилар. Фуқаронинг жамоат бирлашмаси фаолиятида қатнашиши ёки қатнашмаслиги унинг ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклаш ёки унга имтиёзлар бериш учун, шу жумладан, давлат ташкилотида лавозимни эгаллаш шарти ёки Қонунда кўзда тутилган мажбуриятларни бажармаслик учун асос бўла олмайди. Жамоа бирлашмасининг ҳуқуқий мақоми ФКнинг 74-м.да ва махсус қонунларда белгилаб қўйилган. (муал. – И.Зокиров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига