ЖАМОАТ ФОНДЛАРИ – юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар қўшиш асосида ташкил этилган, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ёки бошқа фойдали мақсадларни кўзлайдиган, аъзолиги бўлмаган нодавлат нотижорат ташкилоти жамоат фонди деб эътироф этилади. ЎзРда республика фондлари ҳамда маҳаллий фондлар ташкил этилади ва фаолият кўрсатади. Фаолиятини ўз уставига мувофиқ ЎзР ҳудудида ёки икки ёхуд ундан ортиқ вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри) ҳудудида амалга оширадиган фондлар республика фондлари жумласига киради. Фаолиятини ўз уставига мувофиқ туман(лар), ш.(лар), вилоят ёки Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида амалга оширадиган фондлар маҳаллий фондлар жумласига киради. Фонд ЎзР ҳудудида ва б. давлатларда ваколатхоналар очиши ҳамда филиаллар ташкил этиши мумкин. Фонднинг ваколатхонаси фонднинг ўзи турган ердан ташқарида жойлашган ҳамда унинг манфаатларини ифодалайдиган ва ҳимоя қиладиган алоҳида бўлинмасидир. Фонднинг филиали фонднинг у турган ердан ташқарида жойлашган ҳамда унинг барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан, ваколатхона вазифаларини бажарадиган алоҳида бўлинмасидир. Фонднинг ваколатхоналари ва филиаллари фонд номидан иш кўради ҳамда уставда белгиланган мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши учун фонд олдида масъулдир. ЎзРда фондларнинг фаолият эркинлиги, мулки дахлсизлиги ҳамда ишчанлик нуфузи ҳимояси кафолатланади. Фондларнинг мол-мулки национализация, реквизация қилинмайди ва мусодара этилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно (ФК 75-м.). (муал. – Ш.Абдуқодиров)