Yangi hujjatlar

ЖАРИМА

ЖАРИМА – ҳуқуқбузарга нисбатан қўлланиладиган моддий таъсир чораси фуқаролик, жиноят, маъмурий жавобгарлик, фуқаролик процессуал, жиноят процессуал ва б. қонунларда белгилаб қўйилган. 1). Фуқаролик ҳуқуқида қарздор мажбуриятларни бажармаган ёхуд лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган ва қоида тариқасида қатъий пул суммасида ҳисобланадиган неустойка жарима ҳисобланади (ФКнинг 261-м.).

2) Ж. жиноий, маъмурий ва жамоатчилик таъсир чораси сифатида қўлланилади. Ж. жиноят ҳуқуқида – жиноятчига (суд томонидан асосий ёки қўшимча жазо сифатида), маъмурий ҳуқуқда жамоат тартиби, транспортдан фойдаланиш, ов қилиш ва б. тартибларни бузганларга солинади. МЖКга мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор жисмоний шахсдан давлат ҳисобига пул ундирилади. Фуқароларга солинадиган Ж.нинг энг кам миқдори энг кам иш ҳақининг 50 дан бир қисмидан, мансабдор шахсларга эса – 10 дан бир қисмидан кам бўлмаслиги. Энг кўп миқдори энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан, мансабдор шахсларга эса –10 бараваридан ошмаслиги керак. Қонунда назарда тутилган айрим ҳолларда баъзи ҳуқуқбузарликлар учун Ж. миқдори оширилиши мумкин. Ж. маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, қонун б-н ваколат берилган бошқа органлар ёки мансабдор шахслар томонидан солинади. (муал. – И.Зокиров)

ЖК 44-м.да Ж.нинг миқдори энг кам ойлик иш хақининг беш баробаридан олти юз баробаригача миқдорда белгиланади. Ж.нинг жиноий жазо сифатида жазо тизимига киритилганлиги, аввало, унинг хозирги даврда муҳим жазо чораларидан бири эканлигидан далолат беради. Шу б-н бирга Ж.ни қўллаш суд органларига ижтимоий хавфи катта бўлмаган қилмишларга жазо тайинлашда имкон қадар жазо ва жавобарликни дифференция ҳамда индивидуализация қилишга ёрдам беради. Ж. давлатнинг мажбурлов чораси сифатида айбдорга иқтисодий таьсир кўрсатиш орқали жиноят содир этган шахснинг мулкий ҳуқуқларини чеклашдан иборатдир. Шунинг учун ҳам Ж. жазо тизимида кўрсатилган жазо чораларининг энг енгили ҳисобланади. Агар Ж. тегишли м. муқобил жазо чораси сифатида санкциясида кўрсатилган бўлса, уни тайинлаш орқали айбдорнинг мулкий манфаатларига таъсир кўрсатилиб, жазонинг мақсадига (тарбиялаш ва маҳкум томонидан янги жиноят содир этилишини олдини олиш) эришиш мумкин бўлган тақдирдагина Ж. қўлланилади. Жиноят қонунига кўра Ж. фақат пул миқдорида белгиланади. Давлатнинг ушбу мажбурлов чорасини қўллаш ҳақидаги суд ҳукмида Ж.нинг аниқ миқдори кўрсатилиши лозим. Бунда Ж.нинг миқдори ҳукм чиқарилаётган вақтдагисига қараб эмас, балки жиноят содир этилган вақтдаги энг кам ойлик иш ҳақи миқдорига қараб белгиланади. ЖКда Ж. жазосининг минимал ва максимал миқдорлари белгиланган бўлиб, суд ушбу доирадагина жазо тайинлаши мумкин. Агар ЖК Махсус қисми муайян м. санкциясида Ж. жазосининг минимал миқдори кўрсатилмаган бўлса, ЖК 44-м.да белгиланган минимал миқдордан кам миқдорда Ж. белгиланиши мумкин эмас. Ж. уч ой ичида тўланиши лозим. Акс ҳолда айбдорнинг жазони ижро этишдан бош тортганлиги масаласи кўриб чиқилиши керак. Суд қуйидагиларни Ж.ни ижро этишдан бош тортиш деб топиши мумкин:

1) Ж.ни тўлаш мумкин бўлмаган ҳолатлар суд томонидан узрли деб топилмаган бўлса;

2) ЎзР «Суд ва б. органларнинг ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунига кўра қўлланилган мажбурий ижро этиш жиноят содир этган шахснинг даромадлари ва б. мулкларини яшириши сабабли мумкин бўлмаса.

Жазони ижро этишдан бўйин товлаш аниқланганда, ҳукм чиқарган суд Ж. жазосини аҳлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки қамоқдаги жазоларнинг бири б-н алмаштириши мумкин. Ж. жазосининг бирон бир қисмини бошқа турдаги жазо б-н алмаштиришга йўл қўйилмайди. Жазонинг ижро этилмаган қисми тўлиқ миқдорда бошқа жазо б-н алмаштирилади. Ж. жазосини озодликдан маҳрум қилиш жазоси б-н алмаштирилишига йўл қўйилмайди. (муал. – Ғ.Абдумажидов)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига