ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ КОЛОНИЯЛАРИ – жазони ижро этувчи муассаса турларидан бири. Ж.и.э.к. ЖИКга мувофиқ вояга етган судланганларнинг озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташлари учун мўлжалланган. Улар манзил–колонияларга, умумий, қаттиқ, махсус тартибли колонияларга бўлинади. Манзил–колониялар қуйидагиларга бўлинади: эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган жиноятлар учун ҳукм қилинган шахслар сақланадиган манзил–колониялар; умумий ва қаттиқ тартибли колониялардан, шунингдек, тарбия колонияларидан ўтказилган маҳкумлар сақланадиган манзил–колониялар. Умумий тартибли колониялар қуйидагиларга бўлинади: қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун биринчи марта озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар сақланадиган колониялар; оғир жиноят содир этганлик учун биринчи марта озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар сақланадиган колониялар; илгари қасддан содир этилган жиноят учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаган ва қасддан жиноят содир этганлик учун яна судланган аёллар сақланадиган колониялар (ЖИК 48-м.да кўрсатилган аёллар бундан мустасно). Қаттиқ тартибли колониялар қуйидагиларга бўлинади: ўта оғир жиноят содир этганлик учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахслар сақланадиган колониялар; илгари қасддан содир этилган жиноят учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаган ва қасддан жиноят содир этганлик учун яна судланган эркаклар сақланадиган колониялар; илгари қасддан содир этилган жиноят учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаган ва ўта оғир жиноят содир этганлик учун яна судланган аёллар, шунингдек, ўта хавфли рецидивист деб топилган аёллар сақланадиган колониялар. Махсус тартибли колониялар озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган, ўта хавфли рецидивист деб топилган эркакларни сақлаш учун мўлжалланган. Махсус тартибли колонияларда ўлим жазоси афв этиш тариқасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси б-н алмаштирилган эркаклар ҳам сақланади. (муал. – Қ.Абдурасулова)