ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ МУАССАСАЛАРИДАН ОЗОД ҚИЛИШ ТАРТИБИ – жазони ижро этиш муасссасаларидан озод қилишга тайёргарлик маҳкумнинг жазо муддати тугашига уч ой қолганда бошланади, уни меҳнат ва турмушда ўрнашишга бўлган эҳтиёжи аниқланади. Иш ва турмушда ўрнашишга муҳтож бўлган шахслар ҳақида жазони ижро этиш муассасасининг (ЖИЭМ) маъмурияти маҳкум яшаши мўлжалланаётган жойдаги ижтимоий мослашув марказига хабар беради. Агарда озод этилаётган шахс устидан маъмурий назорат ўрнатиш лозим бўлса қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга тақдимнома киритади. ЖИЭМдан озод қилинаётган шахсга яшаш жойига етиб олиши учун пул ва белгиланган нормада озиқ–овқат берилади, маҳкум мавсумий кийим–бош ва пойабзал б-н таъминланади, 1, 2–гуруҳ ногиронлари, ҳомиладор ва ёш боласи бор аёллар, вояга етмаганлар озод этилаётганда уларнинг қариндошлари ёки уларни ўрнини босувчи шахсларга олдиндан хабар берилади, ҳеч кими бўлмаган қариялар ва ногиронлар илтимосига кўра ногиронлар ва қариялар уйига жўнатилади. (ЖИК 171-173-м.). (муал. – Қ.Абдурасулова)