ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ МУДДАТИ – агар жиноий жазо ўз вақтида ижро этилмаса, у аста–секин ўзининг тарбиялаш ва жиноятчиликнинг олдини олишдаги аҳамиятини йўқотиб боради. Бундай муддатни қонун чиқарувчи орган тайинланган жазо тури ва муддати б-н боғлаб белгилаган. Бу муддатлар ЖК 69-м.да белгиланган бўлиб, агар ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошлаб: а) уч й.дан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган ёки озодликдан маҳрум қилиш б-н боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинганда – уч й.; б) беш й.дан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганда – беш й.; в) ўн й.дан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганда – ўн й.; г) ўн й.дан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганда – ўн беш й. ичида ижро этилмаган бўлса, маҳкум асосий ва қўшимча жазолардан озод қилинади. Агар маҳкум жазони ўташдан бўйин товласа, жазони ижро этиш муддати икки баравар кўпаяди ва жазони ўташдан бўйин товлаган кундан бошлаб ҳисобланади. Барча ҳолларда ЖИЭМ йигирма беш й.дан ошмаслиги керак. Агар шахс ушбу м.да кўрсатилган муддатлар ўтмасдан қасддан янги жиноят содир этса, муддатларнинг ўтиши узилади. Бундай ҳолда муддатларнинг ўтишини ҳисоблаш янги жиноят содир этилган пайтдан қайтадан бошланади. Агар жазо тайинланган кундан бошлаб йигирма беш й. ўтган бўлса, бирор турдаги жазони ижро этиш мумкин эмас. Ўлим жазосига ҳукм қилинган шахсга нисбатан муддатлар ўтишини қўллаш масаласи суд томонидан ҳал қилинади. Агар суд муддатлар ўтишини қўллашни лозим топмаса, ўлим жазоси озодликдан маҳрум қилиш б-н алмаштирилади. ЖИЭМ тинчлик ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши жинояти учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.