ЖАЗОНИ ЎТАШДАН МУДДАТИДАН ИЛГАРИ ШАРТЛИ ОЗОД ҚИЛИШ – ЖКнинг 73-м.га кўра жиноят қонунининг муҳим инсонпарварлик принципининг амалда қўлланилишидир. Ж.ў.м.и.ш.о.қ. маҳкумларни тезроқ ҳалол турмуш тарзига ўтиб олиши учун рағбатлантирувчи восита бўлиб, жазони ўташ вақтида жазони ўташ тартиби, қоида ва талабларини бажариш, иш ва ўқишга ҳалол муносабатда бўлиш кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан Ж.ў.м.и.ш.о.қ. қўлланилиши мумкин. Шахс ижро этилмаган қўшимча жазодан ҳам озод қилиниши мумкин. Бошқа турдаги жазони ўтаётганларга нисбатан муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилиш қўлланилмайди. Ж.ў.м.и.ш.о.қ. кўрсатилган жазо турларини ўташга оид ўрнатилган тартиб–қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумга нисбатан қўлланилади. Ж.ў.м.и.ш.о.қ. маҳкум: а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини; б) оғир жинояти учун, шунингдек, агар шахс илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида ярмини; в) ўта оғир жинояти учун, шунингдек, жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи б-н алмаштирилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан икки қисмини ўтаб бўлганидан кейин қўлланилиши мумкин. Ж.ў.м.и.ш.о.қ.: а) ўлим жазоси афв этиш тариқасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси б-н алмаштирилган шахсга; б) ўта хавфли рецидивистга; в) уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшманинг ташкилотчи ва қатнашувчиларига; г) жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш, ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган жабрланувчининг номусига тегиш ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, ЎзРга, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноят содир этиш, жиноий уюшма ташкил этиш, ядровий, кимёвий, биологик ва б. хилдаги оммавий қирғин қуролларини, шундай қуролларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиш мумкинлиги аён бўлган материал ва ускуналарни, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни контрабанда қилиш, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди. Ж.ў.м.и.ш.о.қ., жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан суд бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш қоидаларига мувофиқ жазо тайинлайди.
Маҳкум жазо муддатининг ЖК 73, 74, 89, 90-м.да белгиланган қисмини ўтагандан кейин бир ойлик муддат ичида жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмурияти Ж.ў.м.и.ш.о.қ. ёки жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо б-н алмаштиришга тақдим этиш масаласини кўриб чиқади ҳамда тақдим қилиш ёки рад этиш ҳақида қарор чиқаради. Ушбу қарор ва барча зарур ҳужжатлар комиссия йиғилишидан сўнг бир ҳафталик муддат ичида судга юборилади. Агарда суд томонидан Ж.ў.м.и.ш.о.қ. рад этилган тақдирда, бу ҳақда ажрим чиққан кундан бошлаб камида олти ой ўтгандан кейин тақдимнома ёки илтимоснома такроран берилиши мумкин. (муал. – У.Холиқулов)