Yangi hujjatlar

ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИКДАН ОЗОД ҚИЛИШ

ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИКДАН ОЗОД ҚИЛИШ – ваколатли давлат органининг судлов ёки айбловни бекор қилиш, шунингдек, жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан давлат мажбурлов чорасини қўллашни бекор қилиш ҳақидаги акти. Жиноят содир этган шахсларни, уларга жиноий таъсир кўрсатмасдан тўғри йўлга киришлари мумкин бўлган ҳолларда жиноий жавобгарликдан озод этилишларида инсонпарварлик тамойиллари ўз аксини топган. Жиноий жавобгарликдан озод этиш, шахсни оқлаш ёки қилмишнинг жиноий эканлигини истисно қилиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган шарт-шароитни фарқлаш лозим. Шахснинг оқланиши жиноят таркиби йўқлиги ёки шахс содир этилган жиноятга алоқаси йўқлигидан далолат бериб, бу унга нисбатан оқловчи ҳукм чиқарилиши учун асос бўлади. Қилмишнинг жиноий эканлигини истисно этадиган шарт-шароитлар шундан иборатки, улар ташқи кўринишидан жиноий қилмишга ўхшашига қарамай, ижтимоий хавфли эмаслиги туфайли жиноят ҳисобланмайди. Бу ҳолда муайян шарт-шароитга кўра, шахсни жиноий жазога жалб этишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд эмас. Жиноий жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги, пушаймонлигини амалда исботлаш, айбдорнинг касаллиги, қилмиш ёки уни содир этган шахснинг жамоатчилик учун хавфлилик хусусиятини йўқотиши, шахснинг илк бор жиноятга қўл урганлиги уни Ж.ж.о.қ. учун асос бўлади (ЖК 64-68-м.). (муал. – Б.Ахроров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига