ЖИНОЯТ – жиноят қонунида назарда тутилган ижтимоий хавфли ҳатти-ҳаракат. ЖК б-н тақиқланган, айбли қилмиш жазо қўллаш тахдиди б-н тақиқланган (14 -м.). Қилмишда ЖКда назарда тутилган аломатлар расмий жиҳатдан мавжуд бўлса-да, лекин у ижтимоий хавфли, ғайриқонуний ёки айбли бўлмаса, қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар деб топилади. Қуйидаги ҳолатлар, яъни: 1) кам аҳамиятли қилмишлар; 2) зарурий мудофаа; 3) охирги зарурат; 4) ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш чоғида зарар етказиш; 5) буйруқни ёки бошқача тарздаги вазифани бажариш; 6) касб ёки хўжалик фаолияти б-н боғлиқ бўлган асосли таваккалчилик жиноятни истисно қилувчи ҳолатлар деб топилади. Ж. деганда фақат шахснинг муайян объектив шаклда ифодаланган қилмиши, яъни хулқ–атвори тушунилади. Ижтимоий хавфли қилмишда ўз ифодасини топмаган фикрлар, ниятлар, хоҳиш-истаклар Ж. деб топилиши мумкин эмас. Қилмиш икки шаклда: ҳаракат (субъектнинг фаол хулқ–атвори)да ёки ҳаракатсизлик (шахснинг содир этиши шарт бўлган ва содир этиши мумкин бўлган ҳаракатни содир этмаганлигидан иборат пассив хулқ–атвор) да намоён бўлиши мумкин. Ж.лар ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра: 1) ижтимоий хавфи катта бўлмаган; 2) унча оғир бўлмаган; 3) оғир; 4) ўта оғир Ж.ларга бўлинади. Тажовуз объектига кўра, шахсга қарши Ж.лар, иқтисодиёт соҳасидаги Ж.лар, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши Ж.лар, давлат ҳокимиятига қарши Ж.лар, ҳарбий хизматни ўташ тартибига қарши Ж.лар, тинчлик ва хавфсизликка қарши Ж.лар фарқланади. Айбнинг шаклига кўра, қасддан содир этилган Ж.лар ва эҳтиётсизлик орқасида содир этилган Ж.лар тафовут этилади. ЎзР Ж. қонунчилигида қабул қилинган Ж. тушунчасининг расмий-моддий таърифи аксарият чет мамлакатларга хос эмас. Мас., Англия ва Франция жиноят ҳуқуқида жиноий қилмишга қонуний таъриф умуман берилмаган. Ж. тушунчаси ё суд қарорларида (Англия), Ж.ларнинг муайян турларига нисбатан, ё Ж. ҳуқуқи бўйича адабиётларда (Англия ва Франция) берилади. Ж. тушунчасининг норматив таърифлари АҚШнинг айрим штатларида ва ГФРда мавжуд, аммо улар ҳам моҳият эътибори б-н расмий хусусиятга эга. (муал. – Б.Ахроров)