Yangi hujjatlar

ЖИНОЯТ ҲАҚИДА ХАБАР БЕРМАСЛИК ЁКИ УНИ ЯШИРИШ

ЖИНОЯТ ҲАҚИДА ХАБАР БЕРМАСЛИК ЁКИ УНИ ЯШИРИШ – ЖК 241-м.сига мувофиқ жавобгарлик белгиланган унинг объекти суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ёки судларнинг нормал фаолияти ҳисобланади. Объектив томондан мазкур жиноят тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда хабар бермасликдан иборатдир. Хабар бермаслик, ўз фаолияти муносабати б-н ёхуд бошқа сабабларга кўра кимнингдир оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишга ҳозирлик кўраётганидан ёхуд тугалланган жиноятдан хабар топган шахснинг шу ҳақдаги ахборотни давлат ҳокимият органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига етказмаслигидан иборат. Тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида билган мансабдор шахс томонидан бу ҳақда хабар қилинмаган тақдирда, унинг қилмиши, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш сифатида ЖК 205-м. сифатида квалификация қилиниши лозим. Оғир ёки ўта оғир жиноят тушунчасининг таърифи ЖК 15-м.да берилган. Аниқ билгани ҳолда тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир ж.ҳ.х.б.ё.у.я. б. шахс ана шу воқеликни била туриб, маълум қилиш ҳаракатини кўрмаган пайтдан эътиборан тугалланган жиноят деб ҳисобланади. Жиноятнинг содир этилиш мотиви ҳар хил: жиноятни содир этган шахсни яшириб қолиш, гувоҳ сифатида иштирок этишни истамаслик ва ҳ. бўлиш тарзида ҳам учрайди. Мазкур жиноятнинг мотиви ва кўзланган мақсад қилмишни квалификация қилишда аҳамиятга эга эмас. ЖК 241-м. 1-қ. бўйича, тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда хабар бермаган шахс жиноятнинг субъекти бўлиши мумкин. ЖК 241-м. 2-қ. бўйича оғир ёки ўта оғир жиноятни олдиндан ваъда бермасдан яширган шахслар жавобгар бўладилар. Оғир ёки ўта оғир бўлган жиноятларни ваъда бермасдан яширганлик ушбу модда бўйича жавобгарликни вужудга келтирмайди. Жиноятни яшириш, жиноятчининг, жиноят изларининг, содир этилган жиноят қуроллари ва воситаларининг, жиноий йўл б-н қўлга киритилган предметларнинг яширилишидан иборат. Яшириш жиноятчининг, қиёфасини ўзгартириш учун кийим-кечак беришдан, шахсни бирон-бир ҳужжат б-н таъминлашдан, қон изларини, бармоқ изларини йўқотишдан ва ҳ.дан иборат бўлиши ҳам мумкин. Олдиндан ваъда бериб жиноят ва уни содир этган шахсни яшириш содир этилаётган вақтда жиноятни содир этиш қуроллари ва воситалари б-н таъминлаш, жиноят изларини, жиноий йўл б-н қўлга киритилган буюмларни яшириш муайян жиноятда иштирокчиликни ташкил этади. Оғир ёки ўта оғир жиноятни яширишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат содир этилган пайтдан эътиборан жиноят тугалланган деб ҳисобланади. Субъектив томондан ушбу жиноят қасддан содир этилади. Шахс оғир ёки ўта оғир жиноятни яшираётганини аниқ билиши исботланмоғи лозим. Жиноятнинг содир этилиш сабаблари ҳар хил – жиноят­чидан қўрқиш, қариндошлик ёки биродарлик алоқалари, сохта обрў ва ҳ. бўлиши жиноятни квалификация қилишга таъсир этмайди. Жиноятнинг субъекти 16 ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс бўлиши мумкин. (муал. – Э.Турғунбоев)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига